Ҳеч бир аёл эътибордан четда қолмайди
Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда “Аёллар дафтари” тузилиб, аёлларни иш билан таъминлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари белгиланмоқда.
Навоий вилояти Учқудуқ туманида ҳам манзилли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда туманда 30 ёшдан катта аёллар 8591 нафарни ташкил этиб, секторлар кесимида таҳлил этилди. Хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш, яшаш тарзини ўрганиш мақсадида барча хонадонларда хатлов ўтказилди. Натижада 188 нафар хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, “Аёллар дафтари”га киритилди. 9 та тоифага ажратилган ҳолда ишлар тизимли олиб борилиши натижасида 97 нафар аёлнинг муаммолари бартараф этилди.
– 2018 йилдан буён ҳар йили 6 нафардан уй-жойга муҳтож хотин-қизларга Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан бошланғич бадали тўлаб берилмоқда. – дейди туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулбаҳор Алланова. – Жорий йилда ҳам 6 нафар аёлларимизга уй-жой олишлари учун бошланғич тўлов тўлаб берилади. Шунингдек, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида ўқув машғулотлари йўлга қўйилган бўлиб, 30 нафар жуфтлик ўқув курсини тугатди. Уларга сертификатлар берилди. Ажрим ёқасига келиб қолган 15 та оила яраштирилиб, оилалар тикланди.
Аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ҳунар ва касбга йўналтириш мақсадида “Аёллар дафтари”га киритилган 16 нафар хотин-қизга 500 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди ва 56 нафар учқудуқлик ишсиз аёллар бандлиги таъминланди.

Туман ҳокимлиги ҳомийлигида “Қулқудуқ”, “Узунқудуқ” овул фуқаролар йиғинида ҳамда “Кокпатас” маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган тикувхоналарнинг ҳар бирига 3 тадан тикиш машинаси берилди ва қўшимча 12 та иш ўрни яратилди.
– Ўзим шу кунга қадар уйда тикувчилик билан шуғулланардим. Энди янги тикув хонасида опа-сингилларимиз билан буюртмаларни тез ва сифатли қилиб бажариб беришимиз мумкин, – дейди Жамила Сидиқова.
Албатта, бу каби амалий ишлар туманда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш тизимининг аниқ белгилаб олинганидан дарак. Айни пайтда аёлларимизнинг муаммоларини бартараф этиш ва бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА