Ҳайвонот оламига ғамхўрлик (видео)
Жиззах вилояти Зомин тумани ўзининг осмонўпар тоғлари-ю кўм-кўк арчазорлари, кислородга тўйинган тоза ҳавоси билан барчани ўзига жалб этиб келади. Шу боис хушманзара табиатдан баҳраманд бўлиш мақсадида бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони тобора ортмоқда.
Умумий майдони 23 минг 429 гектардан иборат бўлган “Зомин” миллий табиат боғи сўлим гўшалардан. Ҳудуднинг табиийлигини ҳамда тоғ ёнбағирларини ўзига макон тутган 20 дан ортиқ катта турдаги ҳайвон ҳамда ноёб қўшларни асраб авайлаш ва уларнинг турларини кўпайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-21782]
Айни кунларда қишнинг охирги ойлари бўлишига қарамай тоғли ҳудудларда совуқ ҳаво ҳарорати ҳамон сақланиб турибди. Шу сабабдан боғнинг 40 дан зиёд инспектори томонидан Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Усмонлисой, Еттикечувсой ҳамда Ўриклисой ўрмон айланмаларида озуқа, ем-хашак топа олмаётган ҳайвонларни озиқлантириш мақсадида биотехник тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Мазкур миллий табиат боғида 282 турдан ортиқ умуртқасиз ҳайвонлар, 30 турдан ортиқ сут эмизувчилар, 100 турдан ортиқ қушлар, 14 турдан ортиқ судралиб юрувчилар, 2 турдаги сувда ва қуруқликда яшовчи ҳамда 1 турдаги балиқлар синфига мансуб бўлган жонзотлар ҳаёт кечиради. Эътиборлиси, уларнинг деярли барчаси боғ ҳудудида қишлайди.
– Боғимизда табиатни ва ҳайвонларни асраш борасида доимий, яъни, қишда об-ҳавонинг совуб кетиши ёки ёз кунлари ҳарорат кўтарилган пайтлари биотехник тадбирлар ташкил этиб турилади, - дейди “Зомин” миллий табиат боғи директори ўринбосари Ҳусниддин Ҳазратқулов. – Бундан кўзланган асосий мақсад озуқа, ем-хашак топа олмаётган ҳайвонларни совуқ кунларни беталафот ўтказишлари учун етарли озуқа билан таъминлашдан иборат.
Озиқа базасини яратиш Миллий боғнинг ўзи ишлаб топган маблағлари ҳисобидан қопланади. Ўтган декабрь ойи ҳамда жорий йил учун 40 миллиондан зиёд маблағ ем-хашак сотиб олишга сарфланди. Йил давомида 10 дан зиёд худди шундай биотехник тадбирлар ташкил қилиниб, ҳайвонлар ҳамда қушлар учун қўшимча озуқа манбалари яратилди. Шунингдек, тадбир давомида ҳайвонларнинг миграция йўлаклари ҳам таҳлил қилинади. Ҳозирги вақтда боғ ҳудудида Сибир тоғ эчкиси, ёввойи тўнғиз, қуён, тоғ силовсини, бўри, тулки каби ҳайвонлар фаол ҳаёт кечирмоқда.
Шунингдек, боғ ҳайвонот оламини муҳофаза этиш ва кузатиб бориш мақсадида 15 дона фото-қопқон билан таъминланган. Ушбу фото-қопқонлар белгиланган жойларга ўрнатилиб, ҳудуд, ундаги ҳайвонот олами мунтазам мониторинг қилиб борилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/JbohVXlJlNE?si=eZ8YRhjhwU7qTXXo" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат,видео),ЎзА