Ҳайвонот дунёсини асраш бурчимиз
Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафт хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисмидир. Конституциямизнинг 55-моддасида "Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, дейилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарори ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солишга қаратилган.
Афсуски, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шаклланганига қарамасдан мамлакатимизда ҳайвонот дунёсидан хўжасизларча, ноқонуний, мақсадсиз фойдаланиш, жониворларга зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Мисол тариқасида фуқаролар А.Ж., У.Ч. ва Ж.Ж 2018 йил 11 июнь куни Шеробод тумани Кўҳитанг тоғ тизмаси ҳудудидаги давлат муҳофазасига олинган “Олтикўллик” дарасига овга чиқишган. Бу гуруҳ дарада Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га, шунингдек, Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш Халқаро Иттифоқ Қизил китобига киритилган, ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасидаги морхўр (бурама шохли тоғ эчикиси)ни овлаган. Овчилар уч морхўрни ўлдириб, сўйишган ва боши, тўрт оёғи ва гўштини сафар халтасига жойлашган. Натижада қўриқхонага оз эмас, кўп эмас - 310 миллион 32 минг сўм зарар етказилган.

Ҳозирги кунда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Экологик партия ва жамоатчиликнинг ҳайвонларга ов қилиш учун рухсатнома беришга мораторий жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланган. Ушбу лойиҳада, жумладан, қуйидаги муҳим жиҳатлар белгиланган:
а) мораторий 2020 йил 1 мартдан 2023 йил 31 декабрга қадар амал қилади;
б) мораторий даврида масъулиятли ташкилотлар томонидан ҳайвонларга ов қилиш учун рухсатномалар бериш тақиқланади;
в) мораторий фан ва тиббиёт мақсадида ҳайвонларни овлаш учун рухсатнома беришга амал қилмайди.
Мазкур қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинадиган бўлса, мамлакатимиздаги ҳайвонот дунёси барқарорлиги, ёввойи ҳайвонларнинг генетик фонди сақлаб қолинган бўлар эди.
Ҳайвонларга ов қилиш учун рухсатнома беришга мораторий эълон қилиш амалиёти хорижда ҳам кенг қўлланилади. Масалан, қўшни Қирғиз Республикасида айрим ҳайвонларни овлашга 10 йил мораторий эълон қилиниши арафасида турибди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ҳамда табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари жирафа, фил ва каркидон овлашга мораторий эълон қилиш ташаббуси билан чиқди. Японияда ҳам 1986 йил кит билан ов қилишга 30 йил мораторий эълон қилинган эди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бошқа мамлакатларда ҳам ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга жиддий эьтибор бериб келинмоқда.
Таклиф қилинган қарор лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ҳолда шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, қарордан кўзланган асосий мақсад юртимизда экологик қонунчиликни такомиллаштириш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвон турларини сақлаб қолиш ва кўпайтиришдан иборат.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши республикамиздаги камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвон турларини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтиришга хизмат қилади.
Рустам КЕНЖАЕВ,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси