Хайрли ҳаракат барчани бирлаштирди
Фарғона вилоятида Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ташкил этилаётган беғараз донорлик акцияси фаоллик билан ўтказилмоқда. Вилоят қон қуйиш марказида тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтoж инсoнлaрни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қoн топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қoлиш, жамиятда меҳр-оқибат вa инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишни мақсад қилган акция ҳам шундай бўлди. Унда партиянинг Фарғона вилоят кенгаши фаоллари, депутатлар, ўнлаб корхона ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, божхона бошқармаси вакиллари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларининг фидоий педагоглари, оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этди.
–Тошлоқлик бир аёлнинг фарзанди сурункали касалликка чалингани учун доимий донорга муҳтож экан. Фарзанди беморлиги учун ота уларни аросатда ташлаб кетибди. Шундай номард инсонлар ҳам орамизда бор, – дейди “Севимли” телеканалининг Фарғона вилоятидаги мухбири Аҳрор Зиёдов. – Мен қон гуруҳим ўша бемор учун мос келишидан хурсанд бўлдим. Зарур бўлса, доимо унга донорлик қилиб келишни мақсад қилдим. Бу ерга келган инсонлар билан суҳбатлашар эканман, уларнинг кўзларидаги, юзларидаги мамнунлик мени ҳайратга солди. Хайрли иш бугун юзлаб фарғоналикларни бир маконда бирлаштиряпти.

Бугунги кунда мамлакатимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж катта. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқаришнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Партия чорловига кўра, қон қуйиш марказига келиб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болажонларимиз учун донорлик қилиш истагида бўлган юзлаб фуқаролар хайрли ишга қўл урди.

– Турмуш ўртоғим оғир дардга чалинган. 4 нафар норасида гўдакларим бор. Турмуш ўртоғимга зарур қон гуруҳини излаб кўп сарсон бўлгандим. Бугунги акцияда Фарғона вилоят ички ишлар органларидан келган Илҳомжон ва Азизбеклар биз излаган донорлар эканлигини эшитиб, қувониб кетдим. Юртимиз тинчлиги посбонлари бугун саломатлигимиз посбони, оиламиз кўмакчиси бўлишга бажонидил рози бўлди, – дейди Нуринисо Ёдгорова. – Бугунги акция ташкилотчиларига катта раҳмат. Тадбирда мен каби умид билан келган ўнлаб инсонлар нажот топганларига шоҳид бўлдим. Адолат бор жойда нажотсиз қолмайсан, деганлари рост экан.
Партия ташаббуси билан ўтказилган хайрия акцияси бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолишга кўмаклашади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири