Хайрия тадбири ташкил этилди
Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қуввватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви томонидан “Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати”да “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун шиори остида юртимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрамига бағишлаб хайрия дастурхони ёзилди.
Пансионатда яшаб, даволанаётган фахрийларни ҳолидан хабар олиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг ўринбосари Шуҳрат Умонов, меҳнат фахрийлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик ва пансионатда истиқомат қилаётган кекса авлод вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларига, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор, эъзоз, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва саломатликларини асраш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани ҳақида сўз юритилди. Шуҳрат Умонов бу даргоҳда яшаётган кекса авлод вакилларига “Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

— Пансионатимиз 1968 йилда ишга тушган. Бу даргоҳ 220 кишига мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 145 нафар якка-ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож, 1- ва 2- гуруҳ ногирони бўлган нуронийларимиз тўлиқ давлат таъминотида яшайди. Уларга 90 нафар ходимимиз ғамхўрлик қилиб, парваришлашади, — дейди пансионат директори Фарангиз Акрамова.

— Ўзим она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлганман, мактаб-интернатда илмий мудир бўлиб ишлаганман, — дейди салкам бир аср яшаб қўйган, 94 ёшли онахон Фотима ая Каримова. — Қилган меҳнатларим зое кетмади, давлатимизнинг юксак эътиборидан баҳраманд бўлдим. “Халқ маорифи аълочиси”ман. Бир қатор орден-медаллар билан тақдирланганман. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига берилган имтиёзлар менга ҳам берилган. Давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан фойдаланиб келмоқдамиз. Бепул дорилар оламан. Бу ерда шароитлар яхши, ҳамма нарса бор, бисёр. Мен даволанишга келганман. Шифокрлар барака топишсин, имконият даражасида яхши қарашяпти.

Тадбир иштирокчилари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун миннатдорлик билдириб, дуолар қилишди.
Машҳур ҳофиз Ғайбулла Қулаҳмедовнинг дилтортар қўшиқлари хайрия тадбирига файз бағишлади.
ЎзА