Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Маданият марказида Ўзбекистон халқ шоири, болалар адабиётининг забардаст вакили Анвар Обиджон хотирасига бағишланган “Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкорлар, ёшлар ҳамда шоирнинг оила аъзолари иштирок этди.
Анвар Обиджон халқимизнинг юрагидан жой олган, камтарин, самимий серқирра ижодкор эди. Айниқса, болалар адабиётида унинг ўрни салмоқли. Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб “Она Ер” (1974), “Баҳромнинг ҳикоялари” (1984) тўпламлари орқали кириб келган. “Масхарабоз бола” (1980), “Оловжон ва унинг дўстлари” (1983), “Эй, ёруғ дунё” (1983), “Кетмагил” (1985), “Безгакшамол” (1985), “Жуда қизиқ воқеа” (1987), “Олтин юракли автобола” (1988), “Даҳшатли Мешполвон” (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилган. “Қўнғироқли ёлғончи”, “Паҳлавоннинг ўғирланиши”, “Рамазон ва Гулмат ҳангомаси” (1992), “Мешполвоннинг жанглари” (1994), “Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри” (1996), “Тўтиқуш”, “Топсанг ҳай-ҳай…” каби қисса, пьеса ва достонлари эълон қилинган.
Анвар Обиджон 1997 йилда “Шуҳрат” медали, 1998 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвони, 2011 йилда эса “Фидокорона хизматлари учун ордени” билан тақдирланган. Агар шоир ҳаёт бўлганида бу йил 77 ёшни қарши оларди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Анвар Обиджон яратган асарлар болалар адабиётининг дурдонаси эканини таъкидлаб, шоир билан боғлиқ хотираларни ёдга олдилар. Таъкидланганидек, Фарғона вилоятида шоирнинг хотирасини абадийлаштириш, ижодий меросини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Vodiy1.uz Интернет нашри ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Болаларнинг қадрдон адиби” деб номланган кўрик-танлов ташкил этилди. Учта номинацияда ўтказилган танловга мингдан ортиқ ижодий ишлар, ижтимоий роликлар тақдим этилди.
[gallery-17714]
Тадбирда мазкур танлов ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Анвар Обиджоннинг шеърлари ижро этилди, санъаткорлар қўшиқлари тадбирга файз киритди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА