Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал
Фарғонада Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон хотираси ва ижодий меросига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Фарғона давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, олимлар, Тожикистон, Қозоғистон, Ҳиндистон давлатларидан меҳмонлар, шоирнинг оила-аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Анвар Обиджон севимли болалар адиби, ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири эди. Юртимизда сўнги эллик йилликда бирор бола йўқки унинг ҳикоялари ва шеърларини эшитиб улғаймаган бўлса. У ёзган шеърлар, ҳикоялар ҳар бир ватандошимизнинг хонадонига кириб борди. Анвар Обиджон яратган тимсоллар болаларнинг қаҳрамонига айланди. Шоир ўзидан катта маънавий мерос қолдирди. Умрини ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб етишишига бағишлади. Адабиёт йўналишида энг қийин ва заҳматли бўлган болалар адабиёти йўналишини танлаб, унга янгидан руҳ берди, янги даражага олиб чиқди. Ўзбек адабиёти олтин фондини унинг асарларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
“Она ер“, “Эй, ёруғ дунё“, “Оловжон ва унинг дўстлари“, “Безгакшамол“, “Аканг қарағай Гулмат“, “Масхарабоз бола“, “Жуда қизиқ воқеа“, “Ерликлар“, “Мешполвоннинг жанглари“, “Аламазон ва Гулмат ҳангомаси“, “Ажойибхона“, “Олтиариқ ҳангомалари“, “Одобли бўлиш осонми?“, “Танланган шеърлар“, “Ўғирланган паҳлавон“, “Баҳромнинг ҳикояси“ каби достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифидир. Унинг “Қўнғироқли ёлғончи“, “Топсанг ҳай-ҳай“, “Қорин ботир“ каби бир қатор асарлари мамлакатимиз театрларида саҳналаштирилган. Адиб 1997 йилда “Шуҳрат“ медали, 2011 йилда “Фидокорона хизматлари учун“ ордени билан тақдирланган.
Олтиариқ тумани маданият саройида бўлиб ўтган "Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал" деб номланган тадбир адабиёт, маънавият байрамига айланди. Унда “Анвар Обиджон ижодиёт ҳафталиги” доирасида ўтказилган кўрик-танлов ғолиблари тақдирланди. Шоирнинг шеърларидан намуналар ўқилиб, маданий дастур намойиш этилди.
[gallery-12140]
– Ўзбекистон буюк тамаддунлар бешигидир, – дейди Тожикистон Республикаси Хўжанд давлат университети доценти Бахтиёр Файзуллоев. – Унинг тупроғида улғайган алломалар, мутафаккирлар, олиму фузалолар яратган кашфиётлардан бутун дунё ҳали ҳануз ҳайратланади. Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ҳам ана шу заминда камол топиб, элнинг суюкли адибига айланган эди. Унинг ижодида ўзбекона самимиятни, руҳиятни яққол кўриш мумкин. Тожикистонда ҳам шоирнинг асарлари севиб ўқилади.
Фарғона давлат университетида "Анвар Обиджон ижодининг маънавий-маърифий аҳамияти" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо анжуман иштирокчиларига видеотабрик йўллаб, Анвар Обиджоннинг ижодий мероси маънавий тарбияда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов, филология фанлари доктори, профессор Йўлдошхўжа Солижонов, Ҳамидулла Болтабоев, Ҳулкар Ҳамроева ва бошқалар шоир ижодининг маънавий-маърифий аҳамияти хусусида сўз юритди. Халқаро конференцияда иштирок этган олимлар Анвар Обиджон асарларининг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА