Ҳаёти ибрат қорақалпоғистонлик ўғлон
Нукусда давлат ва сиёсат арбоби Аллаяр Досназаровнинг 125 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб иштирокчилар Аллаяр Досназаровнинг Нукус шаҳридаги бюстига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олимлар, ёзувчи-шоирлар, Аллаяр Досназаровнинг авлодлари, хорижий меҳмонлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида "А.Досназаров ва Қорақалпоғистоннинг янги тарихи" мавзусида республика илмий-назарий конференция бўлиб ўтди.
Уни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди.
Конференцияда Аллаяр Досназаровнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти тўғрисида янги маълумотлар, Қорақалпоғистон автоном областининг ташкил этилишидаги роли, унинг қатағон қилиниши ва оқланиши каби мавзуларда маърузалар қилинди.
Таъкидланганидек, халқимиз яхшиликлар учун дуо қилиб, кенг кўламли савоб ишларни амалга ошираётган ушбу Муборак Рамозан ойида Хотира ва қадрлаш кунининг ҳам тўғри келиши, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ва қатнашчиларига ҳурмат кўрсатилишида теран маъно бор.
Ушбу муқаддас кунларда таниқли давлат ва сиёсат арбоби Аллаяр Досназаровнинг 125 йиллигининг белгиланиши бу, аждодларимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг исботидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қаторида тарихимизни теран ўрганиш, миллий қадриятларимизни қайта тиклаш, айниқса, қатағон қурбонлари бўлган юртимиз фарзандларининг хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
1937-1953 йилларда юртимизда 100 минг нафар одам қатағон қурбонига айланган бўлса, биргина ўтган асрнинг 37-38 йиллардаги катта қатағон даврида 7 минг нафарга яқин ватандошимиз қурбон бўлган. Шу боис ҳам мустабид тузум даврида юртимиздаги минглаб бегуноҳ инсонларнинг “Халқ душмани” сифатида ноҳақ жазоланганини, қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолганини инкор қилиб бўлмайди. Мана, шундай ноҳақ жазоланган халқимизнинг фидойи фарзандларининг бири Аллаяр Досназаровдир.
У ўзининг қисқа умри давомида ўзига хос бўлган чуқур билим ва тажрибаси, етук ташкилотчилик қобилияти, ватанпарварлиги билан жамоатчилик орасида кенг танилиб, эл орасида катта ҳурмат ва обрўга эришди.
Айниқса, унинг Қорақалпоғистон Автоном областини тузишдаги алоҳида меҳнати, халқимизнинг миллий хусусиятларини аниқлаш масалаларидаги ташкилотчилик қобилияти, миллий-давлат чегараларини белгилашдаги жонкуярлиги, шунингдек, маънавиятимиз ва маърифатимизни ривожлантириш йўлидаги фидокорона хизмати билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Таниқли давлат ва сиёсат арбоби Аллаяр Досназаровнинг номини абадийлаштириш, унинг халқимиз учун қилган меҳнатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2019 йил 28 ноябрдаги мажлис баёни билан бир қатор эзгу ишларнинг амалга оширилиши белгиланди. Ўтган вақт мобайнида Нукус шаҳрида Аллаяр Досназаров кўчаси бўйига унинг бюсти ўрнатилгани, “Қорақалпоқфильм” киностудияси томонидан унинг ҳаёти ва хизматларига бағишланган ҳужжатли фильмнинг суратга олинаётгани, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги янги китобларнинг нашрга тайёрланаётгани, илмий-назарий конференциянинг ташкил этилгани буларнинг барчаси улуғ бобомизга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг намунасидир.
Бир гуруҳ замондошларимиз жорий йил Хотира ва қадрлаш куни олдидан Аллаяр Досназаров мангу қўним топган Россия Федерациясининг Карелия Республикаси Кем шаҳрида бўлиб, бобомизнинг қабрини зиёрат қилди.
Албатта, давлат ва жамоат арбоби Аллаяр Досназаровнинг 125 йиллигига бағишланган конференция халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун яқин тарихимиздан сабоқ бериш, мард аждодларимиздан фахрланиш ҳиссини уйғотиш, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Шубҳасиз, бобомиз туғилган ери, она Ватани учун қилган меҳнатини халқимиз ҳали асрлар давомида эъзозлаб, асраб-авайлаб бораверади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
[gallery-2336]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев(сурат), ЎзА