Ҳаёт, тараққиёт ва адолат қомуси
Мана, Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллигини нишонламоқдамиз. Мустақил Ватанимизнинг Бош қонуни бўлган Конституцияни ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.
Конституциямизнинг ҳар бир моддаси миллионлаб фуқароларимизнинг тақдирига даҳлдор. Конституция - халқимиз учун ҳаёт, тараққиёт ва адолат қомусидир.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ўз маърузаларидан бирида бежизга буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг Оқсарой пештоқига «Адолат-давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир», деган ҳикматли сўзларни ёздирмаганлигига, ушбу улуғвор ғоя Конституциямиз асосида ҳам ўз ифодасини топганлигига аҳамият қаратадилар.
Бугун жамиятимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон Қомусимиз моддалари рўёбини амалда кўрмоқда, моҳияти ва аҳамиятини ўз тақдирида ҳис қилмоқда. Дарҳақиқат, Конституциямизга кўра, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳимояси давлат ҳимоясидадир. Давлат ва жамият етим болаларнинг, ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди.
Шунингдек, Бош Қомусимизнинг моддаларида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлилиги, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, тадбиркорлик эркинлиги фаолияти белгилаб қўйилган.
Қолаверса, Асосий қонунимизда Ватанимизнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, Ўзбекистонда яшаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат, жамият олдидаги бурч ва масъулияти белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши, соғлом ўсиши ва етук мутахассислари бўлиб етишишида Конституциямизда белгиланган қоидалар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқларимиз ҳамда халқимиз турмуш фаровонлиги ортиб бораётганлиги замирида Бош Қомусимизда белгилаб берилган қоида ва ҳақ-ҳуқуқларнинг ўрни беқиёсдир.
Баҳромжон Раҳмоналиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати