Ҳаёт манзаралари рассом нигоҳида
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида рассом Умар Ражабовнинг “Тафаккур” номли шахсий кўргазмаси иш бошлади.
Умар Ражабов замонамизнинг илғор рассомларидан бири. Ижодкор ўз асарларида нафақат бетакрор мамлакатимизнинг кўҳна тарихий обидаларини, балки оддий инсонларнинг маиший ҳаётини, замонавий ҳаётдаги долзарб муаммоларини очиб беришга ҳаракат қилади. Рассом яратган архитектура ёдгорликлари манзаралари ҳам оддий эмас, унда бугунги кун нафаси, замонавий санъат йўналишларининг қоришмаси мавжуд. Ижодкорнинг яна бир ўзига хос жиҳати унинг изланувчанлиги, бир йўналиш ва жанрда қотиб қолмаслигидадир. У санъатдаги янги техника ва услубларни ўз асарларига татбиқ этиб, шу орқали ўзининг индивидуал йўналишига эга бўлади.



– Рассом саёҳати давомида кўрган кечирганларини, тарихий масканлардан олган таассуротларини асарларига кўчирган, – дейди Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Камола Акилова. – Умар жуда кузатувчан ижодкор. У асарларини шунчаки хона интеръерларини безаб туришини истамайди, балки ҳар бир асарига чуқур маъно бахш этади. Ижодкор асарлари томошабинни фикрлашга чорлайди. Кўргазма экспозицияси рассомнинг охирги йилларда яратган ижод намуналаридан ташкил топган.
Кўргазма жорий йилнинг 25 май кунига қадар давом этади.





Нилуфар Бозорова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА