Ҳайиткўл кенгларида байрам шодиёнаси
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани вилоятнинг ҳудуди жиҳатдан йирик туманларидан. Ярми чўл, ярми эса тоғли ҳудуд ҳисобланган ушбу туман аҳолисининг асосий даромади чорвачилик ва деҳқончиликдан. Асосий ерлари лалми майдонлардан иборат бўлгани учун одамлар баҳор келиши билан осмонга қарашади.
Ёғингарчилик мўл бўлса, қир-адирлар ўт ўланга тўлади. Чорванинг йили келади. Лалми экинлар серҳосил бўлади. Шу боисдан бўлса керак чироқчиликлар йилбоши ҳисобланмиш Наврўз байрамини ўзгача кайфиятда қарши олишади. Қурбонликлар қилиб, яратганга шукроналар қилишади.
Бу йилги Наврўз байрами ҳам туманнинг Ҳайиткўл қишлоғи кенгликларида сайл кўринишида нишонланди. Қирларга чопаётган шўх-шодон болажонлар қийқириб, осмонга варрак учиришади. Яқинда келин туширган қайноналар келинларини таъзимга олиб чиқишади. Дошқозонларда ош дамланиб, эл-халққа тарқатилди. Миллий таомлар кўргазмалари ташкил этилди. Унда кўксомсаю сумалакдан тортиб қатлама, патир, холвайтар, чироқчи яхнасию тандир гўштигача бор. Улардан татиб кўрар экансиз халқимизнинг таом тайёрлашдаги маҳоратига лол қоласан киши.
Айтиш жоизки, байрам сайли шу ҳудудда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари Ўктам Юнусов ва Раъно Жониеваларнинг никоҳ тўйлари билан бошланди. Туман масъуллари Наврўз байрами муносабати билан хайрли ташаббуснинг бошини тутиб, уларнинг никоҳ тўйларини ўтказиб беришни мақсад қилган эди. Наврўз сайлига келган барча-барча уларни хурсандчилик кунлари билан табриклашди. Туман ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари ёшларга қимматбаҳо совғалар улашди.
– Оиламиз учун қўшалоқ байрам бугун, – дейди Ойша Қўлдошева. – Боиси фарзандимнинг боши иккита бўлди. Ёлғиз она бўлганим боис тўй қилиб беришга қурбим етмаётган эди. Туман масъулларидан миннатдорман. Улар туфайли орзуим ушалди.
[gallery-11094]
Аслида Наврўз байрами сайл кўринишида нишонланишида ҳам ҳикмат бор. Байрам куни кураш, кўпкари, қўчқор уриштириш, арқон тортиш каби кўплаб миллий ўйинлар ташкил этилади ва элнинг жасур йигитлари ўз иқтидорларини кўрсатишга имкон туғилади. Байрам куни Ҳайиткўл кенгликларида ҳам кураш ва кўпкари мусобақалари ташкил этилди. Унда нафақат чироқчилик, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ташриф буюрган полвонлар ва чавондозларга кенг майдон берилди. Туя, хўкиз, қўчқор каби катта-катта зотлар қўйилди. Мусобақалардаги абжир йигитларнинг шижоати барчани жунбушга келтирди.
Туман ҳокими барчани байрам билан қутлади. Ҳудудда олиб борилаётган эзгу ишлар ҳақида таъкидлаб ўтди.
- Ўтган йилда қилинган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, Чироқчи туманида 2022 йилда жами 265 миллиард 143 миллион сўм маблағ ҳисобига 42 та лойиҳа амалга оширилиб, 467 та янги иш ўрни ташкил этилди, – дейди туман ҳокими Нодир Эркаев. – Аёллар дафтарига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар ва жами “Аёллар дафтари” га киритилган 7 минг 555 нафар хотин-қизга 9 миллиард 727 миллион 500 минг сўм миқдорида амалий ёрдам кўрсатилди ва 2023 йилда ҳам бу ишларни давом эттириб 344 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш режалаштирилган. Туманимиз аҳолисини ҳар томонлама соғлом бўлиб маънавий етук инсонлар қаторида бўлиши ва ишдан бўш вақтларини мароқли ўтказишлари учун туманимиз марказидан оқиб ўтувчи “Қаерма” канали икки қирғоғига сайлгоҳ қуришни ҳамда кутубхона, нуронийлар маскани, шахмат-шашка ва шунга ўхшаш спорт турлари билан шуғулланишлари учун спорт заллари қуриб туманимиз аҳлини турмуш тарзини яна ҳам яхши томонга ўзгартиришни мақсад қилганмиз.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказилиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишлар Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ташаббуси билан Наврўз байрами арафасида истироҳат боғларида, маҳалла марказларида, аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида минглаб мевали ва манзарали дарахтлар экилди, қабристонлар атрофи ва йўлаклари тартибга келтирилди, ижтимоий кўмакка муҳтож кам таъминланган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр ва эътибор кўрсатилди. Шунингдек, байрам арафасида 50 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг суннат тўйлари ҳам ўтказиб берилди. Уларга қимматбаҳо совғалар улашилди.
Байрам кунларини куй-қўшиқларсиз тасаввур этиш қийин. Шу куни Ҳайиткўл кенгликларини пойтахтдан келган таниқли санъаткорларнинг шўх-шўх куй-қўшиқлари эгаллади. Томошабинлар мириқиб рақсга тушди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.