Ҳайъат таҳрир аш-Шом ҳақида нималар маълум?
Охирги йилларда Сурияга тинчлик қайтаётгандек эди. Афсуски, ташқи кучлар ёки ички гуруҳлар “сардорлари” зерикиб қолган-ми, яна истило бошланди.
Ҳозир Ҳалаб ва Идлиб шаҳарларини эгаллаб олган, ушбу араб давлатида юзага келган ички инқироздан, ҳарбий салоҳиятидаги кемтикликдан фойдаланиб, пойтахт Дамашқни ҳам қўлга олиш эҳтимоли йироқ бўлмаган жангарилар гуруҳи ҳақида сўз юритамиз.
“Ҳайъат таҳрир аш-Шом” (HTS) асосий мақсади ҳудудда исломий давлат тузиш бўлган ҳарбий-сиёсий гуруҳдир.
Тарих
2016 йил январда, Суриядаги фуқаролар уруши асносида ташкил этилган “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” дастлаб Ал-Қоида билан боғлиқ ҳарбий тузилма саналган “Жабҳат ал-Нусра”дан ажралиб чиққан. Аста-секин фаолиятини кенгайтиришга интилиб, мустақил сиёсат юритишни мақсад қилган. 2017 йил HTS турли исёнчи гуруҳларни бирлаштириб, анча кучайишга муваффақ бўлди.
Сабаблар
HTS тузилиши бир неча омилга боғлиқ:
1. Гуруҳлараро рақобат. Ички урушлар туфайли кўплаб исёнкор гуруҳлар ўртасида кучайган рақобатни бартараф этиш учун бирлашиш зарур эди.
2. Халқаро босим. Бошқа гуруҳлар халқаро миқёсда тан олинмагани боис, HTS янги ташкилот сифатида мустақил фаолият юритишни кўзлаб, пайдо бўлган имкониятдан унумли фойдаланган.
3. Қўллаб-қувватланиш. Маҳаллий аҳоли ўз ҳудудида хавфсизликни таъминлаш учун кучли ҳарбий гуруҳларга эҳтиёж сезди. Бундай шароитда HTS одамлар ишончига киришни уддалади.
Фаолият
“Ҳайъат таҳрир аш-Шом” асосан қуйидаги йўналишларда иш олиб боради:
1. Ҳарбий фаолият. HTS жангчилари Сурия ҳукуматига қарши курашади, кўпинча бошқа исёнчи гуруҳлар билан ҳамкорлик қилади.
2. Ижтимоий хизмат. Гуруҳ назорати остидаги ҳудудларда соғлиқни сақлаш, таълим каби ижтимоий хизматлар тақдим этиш орқали маҳаллий аҳоли ишончини қозонишга интилади.
3. Исломий қонунлар жорий этиш. Гуруҳ ислом дини асосларига таянган ҳолда сиёсат юритишини даъво қилади. Бу муайян ҳудудлардаги фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланиш имконини беради.
4. Халқаро муносабат. Халқаро миқёсда тан олинмаган бўлса-да, HTS минтақавий кучлар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.
Хуллас, “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” Сурия ички тизимида муҳим ўрин эгаллаган ҳарбий-сиёсий гуруҳдир. Тузилма тарихи ва фаолиятини ўрганиш асносида замонавий дунё экстремизми ва радикализми хусусиятларини англашга ёрдам берадиган унсурларни учратиш мумкин. Зеро, турли маҳаллий ва минтақавий зиддиятлар доирасида бундай гуруҳлар шаклланиши, мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитлардан келиб чиқиб фаолият юритиши бугунги кунда замонавий глобал сиёсий жараёнларнинг ажралмас бўлагига айланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА