“Хавфсиз хонадон” профилактик тадбири ўтказилди
Қиш фаслида ис газидан заҳарланиш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар хавфи ортиши муносабати билан Ховос туманида “Хавфсиз хонадон” профилактик тадбири ташкил этилди.
Ушбу тадбир Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, унинг Ховос туман бўлими ходимлари ҳамда тегишли тузилмалар ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ўтказилди.

Икки кун давомида амалга оширилган текширувлар натижасида 17 та қоида бузилиш ҳолати аниқланди. Барча камчиликлар зудлик билан бартараф этилди ва хонадонлар қиш фаслида аҳоли учун тўлиқ хавфсиз ҳолатга келтирилди.

Тадбир доирасида фуқаролар билан учрашувлар ҳам ташкил этилди. Унда ис гази ва электр қурилмаларидан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари, қиш фаслида ёнғин ва совуқдан ҳимоя чоралари ҳақида тушунтириш берилди. Аҳолига бундай ҳолатларнинг эҳтимолий аянчли оқибатлари ҳам таъсирчан тарзда етказилди.

– “Хавфсиз хонадон” ойлиги нафақат Ховос туманида, балки вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам кенг кўламда ўтказилиши кўзда тутилган, – дейди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг Профилактика бўйича ўринбосари Асрор Ғозихўжаев. – Асосийси, бундай тадбирлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, уйдаги фавқулодда вазиятларга тайёргарликни ошириш, айниқса ёшлар орасида фавқулодда вазиятларга тайёргарлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Чунки қиш фаслида ис газидан заҳарланиш ва ёнғин ҳолатлари эҳтимоли ошади. Шу боис, профилактик текширувлар орқали хонадонлардаги хавфсизлик камчиликлари аниқланиб, улар бартараф этилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, “Хавфсиз хонадон” тадбирлари нафақат қиш фаслида, балки йил давомида изчил давом эттирилади. Аҳоли тинчлиги, саломатлиги ва хавфсизлиги ҳар доим устувор аҳамиятга эга ва кечиктириб бўлмайдиган масала ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири