Хавфсиз ва равон йўл дастури ижрода
Бугунги аёзли кунларда йўл ҳаракати хавфсизлигини, айниқса, йўлларда пиёдалар, болаларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича Андижон вилоятида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Вилоятда йўл-транспорт ҳодисалари юзага келишининг олдини олиш, йўлларда транспорт воситалари тирбандлигини камайтириш, пиёда ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ахборот гуруҳи катта инспектори, капитан Диёрбек Абдураззоқов. – Жумладан, йўловчиларнинг йўл қоидаларига қатъий амал қилиши, айниқса, ўқувчи ёшлар, болаларнинг йўл қоидалари борасидаги билимларини бойитиш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 12 июлдаги “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қарор асосида 2022-2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурининг 4-йўналиши – “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш” доирасида қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
[gallery-9986]
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли вакиллари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида “Диққат, йўловчи!”, “Диққат, болалар!” деб номланган профилактик тадбирлар ўтказилди. Андижон шаҳри, Андижон, Пахтаобод, Бўстон, Марҳамат, Хўжаобод туманларидаги боғча ва мактабларда ташкил этилган “Диққат, йўловчи!”, “Диққат болалар!” тадбирларига минглаб ўқувчи ёшлар ва болалар жалб этилиб, уларнинг йўл қоидалари ҳақидаги билим ва тушунчалари бойитилди. Бундан ташқари, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг барча ходимлари вилоятдаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларига бириктирилган бўлиб, график асосида ҳафтанинг белгиланган кунларида болалар, ўқувчилар иштирокида йўл қоидаларига амал қилиши юзасидан машғулотлар ўтказилмоқда.
Андижон туманидаги “AND TEX AVTO” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган “Ёш автомобилчилар” тадбирига тумандаги барча мактаблар ўқувчилари жалб этилди. Тадбирда йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишининг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича машғулотлар ўтказилди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “Яшил чироқ”, “Йўл ҳаракати қоидалари билимдони”, “Энг намунали йўловчи” кўрик-танловлари ўтказилди. Танловларнинг ғолиб ва совриндорлари муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, Жалақудуқ, Бўстон, Булоқбоши, Асака, Қўрғонтепа, Шаҳрихон, Олтинкўл, Избоскан туманларидаги тарғибот тадбирларида болалар, ўқувчи ёшлар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини пухта ўрганди. Бундан ташқари, ҳокимликлар, йўл қурилиши ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда транспорт қатнови ўта юқори ва доимий тирбандликлар юзага келаётган чорраҳаларда йўловчилар учун қулайликлар яратиш, тирбандликларнинг олдини олиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Юқоридаги каби ишлардан кўзланган асосий мақсад, йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши, фуқаролар, айниқса, болаларнинг ана шундай кўнгилсиз ҳодисалар иштирокчиси ва қурбонига айланиб қолишининг олдини олишга қаратилган. Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури доирасидаги ишлар тизимли амалга оширилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА