Бугун дунё харитасида шундай ҳудудлар борки, ўша жойда юз бераётган кескинлик нафақат минтақани, балки бутун глобал хавфсизлик тизимини ларзага солмоқда. “Хавфли нуқталар” кўрсатувининг илк сонида ана шундай ҳудудлардан бири – Ғазо ҳақида сўз юритамиз.
Сўнгги йилларда Ғазо доимий равишда ракета ҳужуми, кенг кўламли ҳаво зарбаси ва тинч аҳоли орасидаги катта талафотлар билан тилга олинмоқда. Ўн йиллардан буён давом этаётган Исроил – Фаластин можаросининг энг оловли маркази айнан шу ер ҳисобланади. Сектор майдони атиги 365 квадрат километрни ташкил этади. Бу манзилда аввал 2 миллиондан кўп одам истиқомат қилган бўлиб, айнан шу омил Ғазони ер юзида аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бирига айлантирган. Афсуски, сўнгги йиллардаги урушлар, тинимсиз бомбардимон, қурбонлар ва мажбурий кўчиш сабаб, аҳоли сони кескин камайди.
Исроил – Фаластин қарама-қаршилиги 1948 йилдан буён давом этиб келади. Ғазо 2007 йилдан ҲАМАС ҳаракати назоратида. Исроил, АҚШ каби қатор давлатлар ҲАМАСни террор ташкилоти сифатида тан олган. Шу боис Исроил томонидан Ғазога қуруқлик, ҳаво ва денгиз орқали қатъий чеклов жорий этилган.
Расмий Тель-Авив бу чораларни хавфсизлик зарурати билан изоҳлайди. БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса ушбу тақиқлар ҳудуддаги инсонпарварлик инқирозининг асосий сабаби, дея баҳолайди.
БМТ ва халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари маълумотига кўра, сўнгги йирик тўқнашувлар давомида Ғазода ўн минглаб фаластинлик ҳалок бўлган.
Ғазо – Исроил можароси фақат шу икки томонга тааллуқли эмас. Ушбу зиддият Яқин Шарқдаги умумий барқарорликка, халқаро хавфсизлик тизимига, энергетика бозорига, глобал сиёсий иттифоқлар фаолиятига бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда.
АҚШ Исроилнинг асосий стратегик иттифоқчиси бўлса, кўплаб мусулмон давлатлари Фаластинни қўллаб-қувватлайди. Шу жиҳатдан можаро йирик геосиёсий қарама-қаршилик унсурларини ҳам ифодаламоқда.
Сўнгги вақтда томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик ўрнатиш сулҳи эълон қилинганига қарамай, Ғазо ҳануз тўлиқ хавфсиз ҳудудга айлангани йўқ. Вазият ниҳоятда нозик – ҳар қандай иғво низони яна кенг кўламли босқичга олиб чиқиши мумкин.
Маълумки, АҚШ Президенти Дональд Трамп янги ташаббус билан чиқиб, ижтимоий тармоқ орқали “Ғазо Тинчлик кенгаши” тузилганини расман эълон қилди. Мазкур кенгаш кейинги даврда Ғазодаги кундалик бошқарувни амалга ошириши кўзда тутилган 15 нафар фаластинлик технократдан иборат қўмита фаолиятини назорат қилади. Қўмита Трамп раислигидаги Тинчлик кенгаши назорати остида ишлайди. Режага кўра, Ғазода хавфсизликни таъминлаш, текширувдан ўтган фаластинлик полиция бўлинмаларини тайёрлаш ҳамда ҳудудда тартибни сақлайдиган халқаро барқарорлаштириш кучларини жойлаштириш назарда тутилган. Ушбу ташаббуслар қанчалик самара беришини дастурларимиз давомида ёритиб борамиз.
Бу “Хавфли нуқталар” кўрсатувининг биринчи сони эди. ЎзАни кузатишда давом этинг.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/hS6sr2X3oyM?si=kIGIQgdDAtI-nRIP" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева,
Ойбек Давронов (тасвир), Искандар Исматов (монтаж),
ЎзА