Хаттотлик — хат санъати бардавомми?
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўз даврида бугунги нусха кўчирувчи воситалар вазифасини ўтаган хаттотлик санъати замона зайли билан секин-аста унутилаётгандек. Қадимдан диний, бадиий асарларни китобат қилиш асносида вужудга келган хаттотлик санъати ўз даврида бебаҳо касблардан бири сифатида қадрланган. “Бугун хаттотлик қай даражада давом эттирилмоқда?” деган савол кўпчиликка қизиқ, албатта.
Самарқандлик Абдужалил Эргашев фарзандлари ва набираларини ёнига олиб, оилавий хаттотлик санъати билан шуғулланади.
[gallery-7499]
– Хаттотлик санъати асрлар оша давом этиб келяпти, демак, бундан кейин ҳам бу санъатни қадрловчилар топилади, - дейди уста хаттот. – Бугун Самарқанд мисолида олиб қарайдиган бўлсак, вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси таркибида фаолият юритаётган хаттотларга ўзим бошчилик қиламан. Етарли кўникмага эга бўлган эллик нафарга яқин шогирдларим вилоятимизнинг турли ҳудудларида мустақил фаолият юритмоқда. Бундан ташқари бир нечта шогирдларим хориж давлатларида ушбу санъат билан шуғулланмоқда. Айни пайтда ушбу санъатга қизиқувчилар кўп. Афсуски, барчасини шогирдликка қабул қилишнинг имкони йўқ. Бунинг учун махсус жой ташкил қилиб, ўқув курслари очиш талаб этилади. Умуман олганда, хат санъати бардавомлиги таъминланмоқда. Фақатгина етарли даражада ушбу санъатга эътибор қаратилса кифоя.
XV асрдан бошлаб илм-фан маркази бўлган Улуғбек мадрасасида хаттотлик мактабини давом эттираётган Абдужалил Эргашевнинг мўъжаз устахонаси доим сайёҳлар билан гавжум. Устоз-шогирд анъанасини муносиб давом эттираётган хаттот хорижликлар учун махсус маҳорат сабоқларини ташкил этиб, уларга ҳам бу санъат сеҳридан баҳраманд бўлиш имконини яратмоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат),ЎзА