Хатолар - улкан муваффақиятлар калити
Мулоҳаза
Оқил кишилар бошқалардан ҳар қандай вазиятга бўлган муносабати ва қабул қилган қарорлари билан ажралиб туради. Улар аввало, ақл тарозиси ўлчовини англаган инсонлардир. Шунинг учун ҳам бундай зотларга яқин бўлиш, улардан яшаш ҳикматини ўзлаштириш муҳим саналади.
Одамзод ҳаёт йўлларида турли жумбоқларга дуч келади. Табиийки, бунда ҳар ким ҳам хатога йўл қўймоғи мумкин. Гап шундаки, хато қилган кимсага нисбатан атрофидагиларнинг муносабати аксар ҳолларда ижобий бўлмайди. Айниқса, бизнинг менталитетда бола эсини танибдики, хато қилмасликка ундалади. Ачинарлиси, адашса, кечирилмаслиги уқтирилади. Бу эса бола онгида жиддий тўсиқ пайдо бўлишига олиб келади. Шундай қилиб, бола компетенцияси қафасга солинган қушдек бўғилади.
Биз юқорида бежизга оқил кишилар фазилати ҳақида сўз юритмадик. Негаки, улар ҳеч қачон адашишни ман қилмайди. Чунки ўзлари ҳам хатолардан чиқарилган тўғри хулосалар ҳосили ўлароқ оқил бўлганлар.
– Энг юксак илмлар ҳам хатолар натижасидир”, дейди кўплаб маънавий-маърифий асарлар муаллифи, филология фанлари номзоди Абдумурод Тиловов. – Баркамол авлод етиштиришнинг асосий талаби тафаккур соғломлигидир. Шундай экан, фарзанд тарбиясида хато қилишга ва уни ўз вақтида тўғрилашга имкон бермоқ лозим.
Хулоса қилиб айтганда, натижа кутишдан бурун ҳаракат муҳим. Ҳаракат қилган ҳар қандай киши эса адашиши табиий. Чўққига етиб боргунча ҳар қандай йўлдан юриб кўрилганидек, ижобий натижага эришгунча ютқазишлар учраши тайин. Бас шундай экан, хатолар улкан муваффақиятлар калити эканини унутмайлик. Фарзандлар тарбиясида эса бунга алоҳида эътибор қаратишни ҳам…
Шербек Исломов, ЎзА