Хатирчида 29 оилага қувонч қайтди
Оила – муқаддас даргоҳ. Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, унинг дахлсизлигини таъминлаш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келган. Зеро, оилада миллий қадрият ва анъаналаримиз ривож топади, фарзандларимиз камолга етади.
Аммо... Шундай ҳолатлар ҳам борки, қадриятларимиз унутилиб, оилаларнинг ажралиши оқибатида фарзандлар қувончи иккинчи даражага чиқиб қолмоқда. Аслида жамиятни ич-ичидан кемирадиган иллатлардан бири бу оилавий ажримлар, эр-хотиннинг ажрашишидир.
Навоий вилоятида Мажбурий ижро бюроси ходимлари ажрашган оилалардан алимент қарздорлигини ундириш билан бирга уларни яраштириш учун тегишли тадбирларни амалга оширмоқда.
– Бугунги кунда Хатирчи туманида Мажбурий ижро бюроси томонидан алимент билан боғлиқ 1 минг 600 тадан зиёд ҳужжат ижрога қаратилган, – дейди Мажбурий ижро бюроси туман бўлими бошлиғи Назир Ғаффоров. – Бу камида шунча оила дарз кетган, деганидир. Бундай ҳолатларга беэътибор бўлмаган ходимларимиз ажрашиш ёқасига келиб қолган бир нечта оилаларни яраштиришга эришди. Мисол учун, суд қарори асосида алимент тўлаб келаётган туманнинг “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи О.Мирзаев икки нафар вояга етмаган фарзандини таъминотсиз қолдирмади. У турмуш ўртоғи Г.Эгамбердиева билан ярашди.
Шуни таъкидлаш керакки, биргина жорий йил апрель ойининг ўзида 29 та оила яраштирилди.
Абдували Бўриев, ЎзА