Хаста болажонларга қувонч улашилмоқда
Наманган вилоятидаги шифо масканларида “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда халқаро ҳамкорлик алоқалари яхши самара бермоқда. Бу борада Республика Ихтисослаштирилган Кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филиали томонидан яна бир хайрли ишга қўл урилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмаги, АҚШнинг “The Stirling Foundation” фонди ҳомийлиги, “Global Cardiac Alliance” хайрия ташкилоти ҳамкорлигида туғма юрак нуқсони аниқланган болалар учун бепул тиббий кўрик ва кардиожарроҳлик амалиётларига киришилди.
Акция доирасида юртимизга АҚШ, Польша, Сербия, Украина, Беларусь, Литва каби давлатлардан ташриф буюрган 15 нафар малакали шифокор-мутахассис даставвал, юрак хасталигига чалинган ёки туғма юрак нуқсони бор жажжиларни бепул тиббий кўрикдан ўтказишди. Америкалик таниқли кардиохирург Виллам Михаэл Новиск бошчилигида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши зарур бўлган хаста болажонларни танлаб олди. Бунда, кардиология маркази маъмурияти ижтимоий дафтарларга киритилган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар фарзандларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-25911]
– Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун кенг йўл очиб берилаётгани натижасида муассасамизнинг бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлари тобоара такомиллашмоқда. Биргина охирги икки йилда шифохонамизга йигирмадан зиёд давлат шифокорлари келиб тажриба алмашишди. Бизда олдинлари 16 хил амалиётлар бажарилган бўлса, энди уларнинг сони 85 турга етказилди, – дейди Республика Ихтисослаштирилган Кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. – Навбатдаги чет эллик шифокорларнинг ташрифи юрак хасталигидан оғриётган болаларнинг ота-оналари кўнглида умид ва ишонч уйғотди. Жаҳонга машҳур мутахассислар гуруҳи астойдил ишга киришди ва жарроҳлик амалиёти учун сараланган болаларни яна бир бор чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказди. Туғма юрак пороги ва шунга ўхшаш оғир асоратдаги 30 дан зиёд кичкинтойларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Қувонарлиси, харажатлар тўлиқ давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Янги Наманган тумани Ишонч маҳалласида яшовчи Мунаввар Раҳмоналиеванинг эндигина 3,5 ёшга тўлган қизалоғи Мубина Олимжонова туғилганидан бери юрак порогидан азият чекади. Хорижлик кардиожарроҳлар ва маҳаллий шифокор Нуриддин Баҳриддинов томонидан тўрт соат давом этган операциядан сўнг қизалоқдаги камчиликлар бартараф қилинди. Эндиликда у соғлом болажонлар қаторига қайтади. Бундан ёш беморнинг бутун оила аъзолари бағоят миннатдор.
– Мен Американинг халқаро ташкилоти клиникасида кўп йиллардан буён ишлайман. Биз юраги хаста бўлган болаларга жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун Наманганга келдик, – дейди украиналик кардиожарроҳ Олександр Головенко. – Ташкилотимиз жаҳон бўйлаб бемор болаларда кардиожарроҳлик амалиёти ўтказади. Бунда маҳаллий салоҳиятни ошириш, барқарорликни таъминлашга интиламиз. Яъни, дастур маълум бир мамлакатда якунлангач, маҳаллий кардиологлар мустақил равишда операция қилиш имкониятига эга бўлади. Умид қиламизки, саъй-ҳаракатимиз туфайли кўплаб болаларга қайта ҳаёт бахш этилади.
Хуллас, туғма юрак нуқсони аниқланган болаларда бепул кардиожарроҳлик амалиёти ва тиббий кўрик акцияси юксак маҳорат ва малака уйғунлигида қизғин олиб борилмоқда. Ўз навбатида, бундай эзгу ташаббуслар орқали кўплаб болалар соғлом ҳаётга қайтишади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.