Ҳашар юртимизга янада кўрк бағишламоқда
Мамлакатимизда давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ободонлаштириш ҳашари давом этмоқда .
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумотига кўра, бугун куннинг биринчи ярмида умумхалқ хайрия ҳашари давомида самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, 9 минг 551 гектардан ортиқ майдонлар ободонлаштирилди ва санитар тозаланди. 8 минг 564 тоннадан зиёд чиқиндилар чиқариб ташланди. 6 минг 459 километр узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланди. 5 минг 801 та қабристон ва 448 та зиёратгоҳ ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди. 3 миллион 439 мингдан зиёд дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 5 минг 238 та техника воситалари жалб этилди.

Шунингдек, ҳашар куни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Хусусан, 4 минг 16 та кам таъминланган оиланинг 123 минг метр квадратдан зиёд уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 6 минг 833 эҳтиёжманд оила, шундан 2 минг 367 нафар ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Мазкур хайрия тадбирлари орқали 2 миллиард 198 минг сўмга яқин, шундан 117 миллион сўмдан ортиқ маблағ “Маҳалла” фонди ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишга сарфланди.
Бундан ташқари, маҳаллаларда 79 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар, жумладан, 12 та маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси (гўзаллик салони, сартарошхона, кутубхона, дорихона, новвойхона, нуронийлар маркази ва бошқалар), 12 та савдо объекти, 2 та ишлаб чиқариш цехи, 25 та маҳалла биноси, 4 та болалар спорт майдончаси, 24 та бошқа объектлар фойдаланишга топширилди.
Ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 6 миллион 99 мингдан зиёд фуқаролар, шундан 3 миллион 520 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Умумхалқ ҳайрия ҳашари давом этмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА