Харрис рейтинги Трампни хавотирга солмоқда
АҚШ Президенти Жо Байден 21 июль куни иккинчи муддатга сайланмаслигини билдирди. Шундан кейин демократлар пойгадаги эстафета байроқчаси вице-президент Камала Харрисга берилганини маълум қилди. Бу номзодни Байден ҳам қўллаб-қувватлади. Шу тариқа Камала Америкага етакчилик қилиш учун Дональд Трамп билан курашга киришди.
Демократлар ҳали номзод кўрсатиш учун қурултой ўтказгани йўқ. Шунга қарамай, сайловчиларнинг Харрис номзодини маъқуллаш даражаси 50 фоиз кўтарилгани Трамп жамоаси учун Оқ уй сари йўл равон эмаслигини яна бир бор исботламоқда. Ҳолбуки, Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп Байденни ўйиндан чиқариб, ғалаба томон муҳим бир довон босиб ўтилганидан хурсандлигини яширолмай юрганди. Бугун эса у кексалиги, соғлиғи жойида эмаслигини айтиб келган Байден ўрнига ўзидан 18 ёш кичик Харрисдек янги, жиддий рақиб билан юзма-юз келди. Энди Трампнинг Байденни камситиш усули ўзига қарши қурол сифатида ишлатилмоқда. Яъни, Трамп кекса номзод сифатида кўрсатилмоқда. Амалдаги вице-президентни мағлуб этиш анча осонлигини бир неча бор таъкидлаганига қарамай, собиқ етакчи Харрис ҳам анойи эмаслигига аста-секин гувоҳ бўляпти. Мана мисол: – Вице-президент, Сенат аъзоси, Калифорния штати бош прокурори этиб сайлаганларидан олдин мен судда айбловчилар вакили эдим, – дейди Камала. – Қисқаси, ҳар қандай турдаги жиноятчиларга қарши курашганман: аёлларни таҳқирлаган йиртқич, истеъмолчини алдаган товламачи, ўз манфаати учун қонун-қоидани бузган фирибгар ва ҳоказо. Шундай экан, қулоқ солинг: Дональд Трампга ўхшаш кимсаларни яхши биламан.
Устига-устак аксар таҳлилчилар навбатдаги президент сайловида Камаланинг ғалабасига шубҳа қилмаётганини очиқ айта бошлади. Масалан, республикачи сенатор Майк Ли Харрис Америка ОАВ қўллаб-қувватлаши туфайли Трампни мағлуб этиши мумкинлигини айтди.
– У ғалаба қозонади, деди Ли америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида. – Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Республикачилар Камалани паст баҳолаб, катта хатога йўл қўйишди. Харрис – таҳдид, чунки тўлиқ унинг томонида бўлган медиа саноати мажмуаси бор.
“Newsweek” нашри куни кеча “Morning Consult” ташкилоти олиб борган таҳлилга таяниб ёзишича, сўров иштирокчиларининг 50 фоизи Харрис фаолиятини маъқуллаган, 46 фоизи унга нисбатан салбий фикрдалигини айтган. Вице-президентнинг маъқулланиш даражаси Байден ва Трампнинг бутун сайлов кампанияси давридаги кўрсаткичидан ҳам юқори чиққан. Бир ҳафта олдин унинг фаолиятини 43 фоиз америкалик маъқуллаганди. Қолаверса, ушбу рейтинг демократ сайловчилар орасида 80 фоиздан 89, мустақил сайловчилар орасида эса 31 дан 48 фоизга кўтарилган. Тадқиқот натижасига кўра, респондентларнинг 47 фоизи сайловда Харрисга овоз беришини айтган, Трамп учун бу кўрсаткич 46 фоизни ташкил этди.
Охирги янгилик: Камала Харрис сайлов кампанияси биринчи ҳафтасида 200 миллион доллар хайрия йиғишга муваффақ бўлди. Бу Байден йилнинг биринчи чорагида тўплаган маблағдан ҳам кўп. Харрис хонимнинг сайлов олди кампанияси масъуллари қайд этганидек, хайриянинг учдан икки қисми илк бор ҳомийлик қилган донорлардан келган. Бундан ташқари биринчи ҳафтадаёқ кампания бутун мамлакат бўйлаб 170 минг кўнгиллини жалб қила олган. Бу маълумотлар Республикачиларни, жумладан Трамп жамоасини жиддий ташвишга солиб қўйди.
Хулоса қилиб айтганда, Байденнинг сайлов олди пойгасидан қўққис чиқиши ва вице-президент Камала Харриснинг кураш майдонига дадил кириб келиши Трампни анчайин довдиратиб, кураш стратегиясини қайта кўриб чиқишга мажбурламоқда.
Саидмурод РАҲИМОВ,
ЎзА