Ҳаром луқма жиноятга бошлайди
Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деб бежиз айтилмаган. Банк ходимининг мендан бошқа ҳеч ким билмайди, қабилида қилган иши ҳам ошкор бўлди.
Жиззах вилояти Арнасой туманидаги тижорат банкларидан бирида ўринбосар бўлиб ишлаган А.З. ўндан ортиқ фуқаро номига имтиёзли кредит маблағларини осонгина расмийлаштиради. Сўнг мижозларга қўнғироқ қилиб, “Сизнинг ойлик маошингиз камлиги сабабли кредит маблағлари берилмайдиган бўлди”, деб хабар қилади.
Жумладан, фуқаро А.И. номига жами 18 миллион 500 минг сўм йиллик 26,99 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 4 йил муддатга кредит расмийлаштирган. Лекин унинг хабарисиз ушбу карта маблағларини бошқа пластик картага ўтказиб, мижознинг кредит маблағларини ўз манфаатлари йўлида ўзлаштириб юборган. Қинғир иш фош бўлиб, жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судининг 2023 йил 11 апрелдаги ҳукмига кўра филиал бошқарувчиси ўринбосари 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. Лекин...
– Бизга ойлик иш ҳақлари пластик карточкаларига келиб тушган заҳоти банк томонидан “кредитдан бўлган қарздорлиги учун” деб пул маблағлари асоссиз равишда, ечиб олинаётганидан норози бўлиб, бир гуруҳ фуқаролар шикоят қилишди, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили Ўткир Жўраев. – Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судининг 2023 йил 11 апрелдаги ҳукмига кўра, А.З. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосидан ташқари, у банк соҳасида ҳамда бошқа ташкилотларда мансабдор ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган. Шунингдек, суд ҳукмига кўра ушбу банк бошқарувчисининг собиқ ўринбосари А.З.дан жами 145 миллион сўм миқдоридаги моддий зарар банк филиали фойдасига ундириш белгиланган.
Энг қизиғи шундаки, жиноятчи жазосини олиб етти йилга қамалган. Бироқ жабрдийда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиб, улардан асоссиз равишда маблағларни ечиш давом этган. Савол туғилади, фуқароларнинг пулларини ечиб олган банк ходимларига нима учун ҳеч қандай жазо тайинланмади?
Хулоса шуки ҳар бир киши ўзи ҳақидаги шахсий маълумотларни жуда эҳтиёт қилиши зарур. Акс ҳолда юқоридаги фуқаролар каби алданиб қолиши, емаган сомсасига пул тўлашига тўғри келади.
А.Қаюмов,
ЎзА