Ҳарбийларнинг фарзандлари оромгоҳларга кузатилди
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз, Какайди ва Ҳайрабод гарнизонларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбийларнинг олтмишга яқин фарзанди имтиёзли йўлланма асосида Тошкент вилоятидаги "Тонг" ва Самарқанд вилоятидаги Я.Турсунов номли соғломлаштириш оромгоҳларига тантанали кузатилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиб, ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уйга муҳтож оилалар белгиланган тартибда турар-жой билан таъминланмоқда. Ватан ҳимоячиларининг ўғил-қизлари учун олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим йўналишларига давлат гранти асосида белгиланган умумий қабул квоталарининг беш фоизи миқдорида давлат гранти асосидаги қўшимча қабул квоталари ажратилаётир.
Ҳарбийлар ва уларнинг оила-аъзолари саломатлигини таъминлаш юзасидан зарур шароит яратилган. Қуролли Кучларимизда йўлга қўйилган кучли ижтимоий ҳимоя офицер ва аскарларнинг оиласидан кўнгли хотиржам профессионал тайёргарлигини ошириб, хизмат сифатини таъминлашга пухта замин яратмоқда. Осойишта ҳаётимиз посбонларининг ҳарбий хизматга бўлган ёндашувини тубдан ўзгартириб, онг-шуурида Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли бурчдан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлаётир.
Термиз темир йўл вокзалидан йўлга чиққан ўғил-қизларнинг оромгоҳда мириқиб дам олиши, саломатлигини тиклаши учун ҳар бир йўлланма қийматининг 70 фоизи Мудофаа вазирлиги томонидан қоплаб берилди. 30 фоиз маблағни ҳарбий хизматчиларнинг ўзлари тўлайди.
–Дадам ҳарбий бўлганидан фахр-ифтихор ҳиссини туяман, – дейди Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси, подполковник Сухроб Юлдошевнинг ўғли Самойиддин Сайпиддинов. – Ўзим Термиз шаҳридаги 3-мактабнинг олтинчи синфида ўқийман. Мана, бир гуруҳ Ватан ҳимоячиларининг фарзандлари сўлим оромгоҳда дам олишга жўнаяпмиз. Бундай эътибор бизни келажакда янада яхши ўқиб, юртга содиқ фарзанд бўлишга ундайди. Албатта, оромгоҳда мириқиб ҳордиқ чиқариш баробарида янги дўстлар топиб, улар билан фикр алмашамиз. Турли мусобақаларда беллашиб, маънан ва жисмонан чиниқамиз.
Болажонларни тантанали кузатиш маросимида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги масъул офицерлари, ҳарбий қисм командирларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари, дам олишга отланган ўғил-қизларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Термиз гарнизони ҳарбий оркестри она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари билан барчага бир олам қувонч улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА