Ҳарбийлар фахримиз, ғуруримиз
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида 14 янаварь – “Ватан ҳимоячилари куни” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Жамият бошқаруви раиси в.б. Х.Ҳосилов, бошқарув раиси ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари, Транспорт воситаларида қўшинлар ҳаракатини таъминлаш маркази ҳамда Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармасининг раҳбар ва мутахассислари иштирок этди.
– Сизларни, сизлар орқали юртимизнинг барча ҳарбийларини мамлакатимизда кенг нишонланаётган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ва “Ватан ҳимоячилари куни” билан чин юракдан муборакбод этаман, – деди Х.Ҳосилов.

– Ушбу қутлуғ айём, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Бугунги кунда Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонимиз учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш мақсадида юксак тараққиёт, истиқболли ривожланиш йўлидан бормоқда. Барча соҳаларда янги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, тарихий янгиланишлар ва беқиёс бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Темир йўл тизимида амалга оширилаётган барча ҳарбий фаолиятларнинг муваффақиятли амалга оширилишида Транспорт воситаларида қўшинлар ҳаракатини таъминлаш марказининг билимли ва ўз касбига садоқатли ҳарбий хизматчилари алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Биз сизларнинг тимсолингизда миллий армиямизга тоғдек таянч бўлиб турган буюк маънавий кучни кўрамиз.

Бугунги улуғ айёмда сизларнинг ҳам Ватанимизнинг қудратини оширишда муносиб ҳиссангиз борлигини яна бир бор катта мамнуният билан эътироф этамиз. Жонажон Ўзбекистонимизнинг янада тараққий этишида шижоат ва меҳнатсеварлик, қатъият ва мардлик каби фазилатларингиз сизларга доимо ҳамроҳ бўлсин. Байрамингиз муборак бўлсин.
Шундан сўнг тадбирда “Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган видеоролик намойиш этилди. Унда темир йўл тизимида ҳарбийлар учун яратилган шароитлар, ҳарбий техникаларни вагонларга ортиш ва тушириш ҳамда дала ўқув майдонларидаги ҳарбий машқлар кўрсатилди.
– Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўтказилаётган ислоҳотлар туфайли мамлакатимизнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, барқарор ривожланиши ва халқимиз тинчлигининг янада ишончли ҳимояси таъминланмоқда, – дейди Транспорт воситаларида қўшинлар ҳаракатини таъминлаш маркази бошлиғи Сирожиддин Сайдахмедов.
– Энг асосийси, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбияловчи муҳим институтга айланди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳнамолиги остида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига қарашли дала-ўқув майдонларида ҳарбий техникаларни юклаш ва тушуриш учун ўқув нуқталари ташкил этилди ҳамда 2021 йил мобайнида транспорт воситаларида қўшинлар ҳаракатини таъминлаш маркази шахсий таркиби бошчилигида 86 маротаба амалий машғулотлар ўтказилди.
Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б Х.Ҳосиловнинг буйруғи билан Транспорт воситаларида қўшинлар ҳаракатини таъминлаш маркази ҳамда Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармасининг фидойи раҳбар ва ходимлари қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Транспорт воситаларида қўшинлар ҳаракатини таъминлаш маркази бошлиғи Сирожиддин Сайдахмедовга эса “Фахрий темирйўлчи” белгиси тантанали тарзда топширилди.
Байрам тадбирида ҳарбийлар ҳам сўзга чиқиб Ўзбекистон Қуролли Кучлари фаолияти ва тараққиётида темир йўл тизимининг катта ҳиссаси борлигини алоҳида эътироф этди.
Дарҳақиқат, темир йўл соҳасида меҳнат қилиб, Ватанни ҳимоя қилишдек мураккаб, айни пайтда масъулиятли бурчни шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртига садоқатли довюрак ҳарбийларимиз билан ҳар доим фахрланамиз.
Рустам ҲАЙДАРОВ