Ҳарбий хизматдан малакали мутахассисликка қадар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало Ватан хавфсизлиги ва халқ фаровонлигига қаратилган. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 13 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилиши алоҳида аҳамият касб этди. Унда мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бирга, ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларнинг келажагини таъминлашга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Янги модель асосида ҳар йили 5 минг нафар муддатли ҳарбий хизматчи “Бир миллион дастурчи” ва “Сунъий интеллект соҳасида беш миллион етакчи” дастурлари доирасида замонавий IT ва рақамли технологиялар бўйича ўқитилади. Хизмат давомида олий таълим муассасаларига кириш, сертификат харажатларини қоплаш ва фоизсиз таълим кредитлари ажратиш имкониятлари яратилади. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш ва қўшимча ижтимоий имтиёзлар бериш тизими кенгайтирилди.
Сурхондарёда амалий ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Мудофаа вазирлиги ва вилоят Касбий таълим бошқармаси ҳамкорлигида аскарлар икки ойлик амалий курсларда сантехниклик, пайвандлаш ва бошқа касбларга ўқитилмоқда. Оддий аскар Дилшодбек Тоғонбоев сув таъминоти ва канализация тизимларини ўрнатиш, носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тажриба орттирди. Толибжон Рамазонов пайвандлаш касбини, Абдуҳалил Муроталиев эса IT соҳасида 20 дан ортиқ назарий ва амалий кўникмаларни ўзлаштирди.
Мутахассислар таъкидлашича, касб эгаллаган ҳарбий хизматчилар меҳнат бозорига тайёр, рақобатбардош кадрлар сифатида кириб, оилалар даромадини ошириш, иқтисодиётга малакали мутахассислар оқимини таъминлаш ва ишсизликни камайтириш имконига эга бўлади.
Шу нуқтаи назардан, ҳарбий хизмат давомида касбга ўқитиш нафақат ҳар бир аскарнинг шахсий ривожи, балки давлат хавфсизлиги, иқтисодий тараққиёт ва жамият барқарорлиги учун стратегик аҳамиятга эга. Ватанни қурол билан ҳимоя қилган ёшлар, тинч ҳаётда ҳам билим ва касби билан уни мустаҳкамлайди.
[gallery-27913]
Амалдаги тизимли ишлар ёшларни Ватанига садоқатли, касбий жиҳатдан малакали ва мустақил кадрлар сифатида тайёрлашга хизмат қилмоқда. Ҳар бир аскар нафақат Ватан ҳимоячиси, балки жамият ривожида фаол иштирок этувчи мустаҳкам пойдеворга айланмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА