Ҳарбий хизматдан катта ҳаёт сари
Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида “Битта аскар – битта касб” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар юзасидан пресс-тур ташкил этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш ҳамда бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз томонидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар уларнинг ҳарбий хизмат давомида нафақат Ватан ҳимоячиси сифатида чиниқиши, балки билим ва касб эгаси бўлиб, мустақил ҳаётга пухта тайёргарлик кўришига замин яратмоқда.
Шу мақсадда Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ҳам Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан таъсис этилган “Битта аскар – битта касб” тамойили асосида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, олий таълимга киришга тайёрланиши, талабаликка қабул қилинган аскарлар билан олий таълим муассасалар билан online тарзда ўқиш ҳамда касб-ҳунар эгаллаган аскарлар келгусида меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун тизимли ишлар амалга оширилганлиги ўз ифодасини топмоқда.
[gallery-32369]
2025–2026-ўқув йили давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонига келган 1000 нафардан ортиқ муддатли ҳарбий хизматчининг 120 нафари ўз хоҳиши билан олий таълим муассасаларига кириш учун ташкил этилган тайёрлов курсларига жалб қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасининг малакали педагоглари, тажрибали устоз ва мураббийлари томонидан олиб борилган уч ойлик тайёрлов машғулотлари давомида аскарлар фанлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўрдилар. Ушбу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди: курсларда таҳсил олган ҳарбий хизматчиларнинг қарийб 70 нафари олий таълим муассасалари талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.
“Битта аскар – битта касб” тамойилининг яна бир муҳим йўналиши муддатли ҳарбий хизматчиларни замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўргатишдир. Шу йўналишда 700 нафардан ортиқ муддатли ҳарбий хизматчи турли касб-ҳунарларни ўзлаштириб, амалий билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.
Бу жараёнда ёшларнинг қизиқиши, қобилияти ва келгусидаги меҳнат фаолиятида асқатадиган касбларни эгаллашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада улар ҳарбий хизматни якунлагач, қўлида аниқ бир касб, ҳаётда ўз йўлини топишга хизмат қиладиган билим ва амалий кўникмалар билан оиласи бағрига қайтади. Энг муҳими, ушбу ташаббус ёшларни нафақат иш изловчи, балки келгусида янги иш ўринлари яратишга қодир бўлган ташаббускор ва тадбиркор шахс сифатида шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округида амалга оширилаётган ушбу ишлар муддатли ҳарбий хизмат мазмунини янги босқичга олиб чиқмоқда. Эндиликда аскарлар ҳарбий интизом, жисмоний чиниқиш ва жанговар тайёргарлик билан бир қаторда, замонавий билимларни эгаллаш, касбий маҳоратини ошириш ва шахсий ривожланиш учун ҳам кенг имкониятларга эга бўлмоқда.
Нукус гарнизонида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар орасида келгусида ҳарбий касбни танлаб, Қуролли Кучларимиз сафида профессионал ҳарбий хизматчи сифатида хизмат қилишни, Ватанимиз равнақи ва давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашни ўз олдига эзгу мақсад қилиб қўйган ёшлар ҳам талайгина. Айни кунларда ана шундай мақсад билан яшаётган 300 нафардан ортиқ муддатли ҳарбий хизматчи Мудофаа вазирлигининг Касбий саралаш бошқармаси томонидан ташкил этилаётган саралаш жараёнларида иштирок этмоқда.
Ушбу жараёнларда ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги, соғлиғи, интеллектуал салоҳияти, билим даражаси ҳамда ҳарбий хизматни профессионал асосда давом эттиришга бўлган интилиш ва қобилиятлари белгиланган талаблар асосида баҳоланмоқда. Ўтказилаётган тест синовлари ва касбий саралаш тадбирлари Ватан ҳимоясини ўзининг келажак касби сифатида танлаган, масъулиятни чуқур ҳис этадиган, интизомли, билимли ва салоҳиятли ёшларни аниқлашга қаратилган.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари муддатли ҳарбий хизматчиларнинг таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, олий таълимга тайёрланиши ҳамда келгусида профессионал ҳарбий хизматни танлаши учун яратилган имкониятлар билан танишдилар.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА