Ҳарбий хизматчиларнинг аёллари беллашди
Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизонда “Ҳарбий оила бекасиман!” шиори остида “Балли, аёллар!” кўрик-танлови ўтказилди.
Андижон горнизонида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида миллий қадрият, урф-одатларимизни кенг тарғиб этиш, ҳарбийлар оиласида яшаётган аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган кўрик-танловда 6 нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи иштирок этди.
– Кейинги йилларда ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан бевосита ишлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ҳарбий горнизон хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Фароғат Ҳайитова. – Бу ҳарбийларнинг оилаларини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишга катта ёрдам бермоқда.
Уй бекаси, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ҳамда фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган танлов иштирокчилари белгиланган тўртта шарт — шеър, қўшиқ, рақс ижроси, алла айтиш, чеварлик, тўқувчи ва пазандалик борасидаги маҳоратини намойиш этиш ҳамда “баҳру байт” – лапарлар айтиш бўйича ғолиблик учун ўзаро беллашдилар.
Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра, Наимахон Жавканова мутлақ ғолиба, деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Ўзим олий маълумотлиман, лекин айни пайтда фарзанд тарбияси билан уйдаман, – дейди танлов ғолибаси Н.Жавканова. – Танловда ғолиб бўлганимдан беҳад хурсандман, қолаверса, зиммамга масъулият юклайди. Чунки энди танловнинг мамлакат босқичида ҳам муносиб иштирок этишим, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиш учун астойдил ҳаракат қилишим керак.
Ғолиба ва бошқа иштирокчилар турли номинациялар бўйича ҳарбий горнизон ва Шарқий ҳарбий округ кўмондонлигининг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА