Ҳарбий хизмат мураккаб ва масъулиятли жараён бўлиб, хизматчилардан нафақат жисмоний, балки кучли руҳий тайёргарликни ҳам талаб қилади.
Шундай экан, ҳарбий хизматчилар ўз бурчларини адо этишда ахлоқий ва руҳий барқарорликни сақлашлари, Ватан ҳимоясига содиқ қолишлари лозим. Бу эса, ўз навбатида, нафақат индивидуал, балки жамоавий руҳий ҳолат ва ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашни тақозо қилади.
Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан Фарғона вилоятида жойлашган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳарбий хизматчилари ва ходимлари, мутахассис психологлар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида "Замонавий шароитларда ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг ахлоқий-руҳий таъминотини ташкиллаштириш: муаммо ва ечимлар" мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wRD89BHog9o" title="Harbiy xizmatchi ruhiy jihatdan ham kuchli boʻlishi kerak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Унда ҳарбий хизматчиларнинг руҳий тайёргарлик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир давомида маърузачилар замонавий шароитда армияни нафақат техник, балки ахлоқий-руҳий жиҳатдан ҳам тайёрлаш зарурати ортиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, Қуролли Кучларни шакллантиришда куч тузилмалари билан биргаликда ахлоқий ва руҳий таъминотга алоҳида эътибор қаратиш, ҳарбий хизматчиларни доимий равишда юксак ахлоқий қарашлар, ватанпарварлик ва мардлик руҳида тарбиялаш, уларнинг кучли руҳий тайёргарлигини таъминлаш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан бири экани қайд этилди.
Илмий-амалий конференция якунлари бўйича эришилган ҳулосалардан келгусида куч тузилмалари шахсий таркиби билан ишлашда фойдаланиш бўйича келишиб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА мухбири