Ҳарбий-ватанпарварлик фестивали
Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида ўтказилган «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиори остидаги ҳарбий-ватанпарварлик фестивали 8000 дан ортиқ аҳоли ва ёшларни бир жойга жамлади.
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан келган автобуслар карвонидан бирин-кетин тушаётган бу йигит-қизларнинг аксари "Фориш" тоғ полигонига илк бор келиши эди.
Ташаббускорлари Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлиги бўлган ушбу кенг масштабли тадбирга Жиззах гарнизони, вилоят мудофаа ишлари, халқ таълими, ички ишлар, миллий гвардия, чегара қўшинлар, ФВВ, маданият ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳам бош қўшди.

Ватанпарварлик фестивалининг тантанали очилиш маросимида сўз олганлар бутун юртимиз бўйлаб ушбу шиор остида ўтказилаётган тадбирларнинг мазмун-моҳияти ҳамда ҳарбий хизмат – муқаддас бурч, юксак шараф эканини таъкидлаб, ёшларни Ватан ҳимоясига руҳлантирувчи илиқ фикрлар билдирди.
Вилоят мусиқали драма театри жамоаси ҳамда ҳарбийлар томонидан Жалолиддин Мангубердининг Чингизхон устидан қилган ғалабаси ҳақидаги жонли саҳна кўриниши ёшлар қалбига ғурур ва ифтихор бағишлади.
Жиззах ҳамда Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестрларининг бадиий-мусиқий чиқишларида шонли ўтмишимизни бугунга боғлади, гўё.

Жанговар техника ва қурол-аслаҳалар, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ўқувчи-ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.
Дала ўқув майдонида Ватан ҳимоячиларининг турли жанговар қуроллардан фойдаланиб, нишонларга қарата аниқ ва тез ўт очишлари фестиваль иштирокчилари қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдирди.
Шу куни ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ўқувчилар, ёшлардан иборат меҳмонлар халқ ўйинлари бўйича беллашиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, миллий кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш, қўл жанги, билак кучини синаш мусобақалари чинакам рақобат баҳсига айланиб кетди. Чавандозлар эса улоқ кўпкари, от чоптириш ўйинларида соврин учун курашди.

Фестивалда ташкил этилган миллий ҳунармандчилик павильони ҳамда дорбоз ўйинларининг саҳна майдонлари ҳам санъатсевар ёшларни ўз бағрига чорлади.
Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳарбий-спорт техникалари, само узра парвоз қилган самолётлар, кинология ва отлиқ кавалерия қўшинлари чиқишлари фестиваль иштирокчиларининг тасаввурини бойитди.
Фестивалнинг яна бир қисми тоғ ён бағирларида овчилар ва ҳарбийлар ўртасидаги мусобақа билан давом этди.

Унда овчилар ва ҳарбийлар узоқ масофадаги ҳаракатсиз ва ҳаракатдаги нишонларга ов қуролларидан ўт очиш бўйича баҳслашди.
Турли спорт федерацияларининг мусобақалари, миллий чолғу асбоблари ижроси, «Ватан ҳақидаги энг яхши шеър» танлови фестивалга якун ясади.
Якунда эса ғолиблар совғали бўлди. Умуман олганда, “Фориш” полигони фестивалида иштирокнинг ўзи ҳеч бир совғадан кам бўлмади.
Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати.
ЎзА