Ҳарбий қисмда уч авлод вакиллари учрашди
Мудофаа вазирлигининг Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Унда Жанубий оператив қўмондонлиги, Сурхондарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими, Сурхондарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази чақирилувчилари, ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар иштирок этди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига бағишланган тадбирда Миллий армиямизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаб, халқимизнинг тинч, осуда ҳаётини таьминлашга хизмат қилаётгани таькидланди. Жанговар бўлинмалар энг замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан таьминланаётгани, Ватанимиз посбонларининг кундалик ва жанговар хизмат вазифаларини ситқидилдан бажариши учун қулай шароит яратилгани қайд этилди.

Шу куни тадбир иштирокчилари ҳарбий қисмда тинчлигимиз қўриқчилари учун яратилган шароитлар, берилган имтиёзлар билан танишди. Фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар дилдан суҳбатлашди.

–Мустақиллик тенгсиз буюк неъматки, унда Ватан озодлиги, инсон эркинлиги, тинчлик, тотувлик, эзгулик сарчашмалари мужассам, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, майор Маъруфжон Олимов. – Бебаҳо бу неьматнинг мустаҳкам пойдевор бўлиб, авлодларга мерос қолишида ҳаётини ватанпарварлик, тинчликпарварлик йўлига сафарбар этган инсонлар хизмати беқиёсдир. Мазкур учрашувда қатнашган Қуролли Кучлар фахрийлари ёшларимизга ибрат бўладиган ҳаёт йўлини босиб ўтган. Шу боис ҳам уларнинг хотиралари ҳарбийларимиз ва бўлғуси Ватан ҳимоячилари учун жуда қизиқ мавзудир. Ҳарбий хизматчиларга яратиб берилаётган шароитлар, имконият ва имтиёзлар шундай кунлар келишини орзу қилиб яшаган фахрийларда бой таассурот ўйғотди.

Тадбир доирасида фахрийлар ва ёшлар учун замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.
Акбар АҲМЕДОВ, III даражали сержант
Термиз гарнизони
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА