Ҳарбий қисмда уч авлод учрашуви
Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида Самарқанддаги Марказий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида уч авлод учрашуви ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни олдидан ташкил этилган тадбир аввалида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Самарқанд минтақавий бўлинмаси аъзолари, Самарқанд шаҳридаги 54-умумтаълим мактаби, 1-сон ихтисослаштирилган махсус лицей-интернат ўқувчилари ва жамоатчилик вакиллари ҳарбийлар ҳаёти билан танишиб, ҳарбий техник ва қурол-аслаҳалар кўргазмасини томоша қилди.
[gallery-21076]
Шундан сўнг ҳарбий қисм офицер, сержант ва аскарлари ҳамда ўқувчи-ёшлар, жамоатчилик кенгаши аъзолари ва фахрийларнинг учрашуви ўтказилди.
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жЖамоатчилик кенгаши Самарқанд минтақавий бўлинмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, Марказий округ фахрийлар кенгаши раиси Шодмон Азизов тадбир қатнашчиларини Янги йил байрами ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Мамлакатимиз Қуролли Кучларининг салоҳияти ва ҳарбий хизматчиларнинг жанговор тайёргарлигини ошириш борасида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Кекса авлод вакиллари – ҳарбийлар ва ижодкорлар, олимлар ўз ҳаётлари, иш тажрибалари ҳақида гапириб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Учрашувда Ватан, жасорат ва тинчлик мадҳ этилган шеърлар ўқилиб, қўшиқлар ижро этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари