Шарқий ҳарбий округнинг Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Ватанпарварлик ойлиги доирасида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишини ошириш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини намойиш этиш мақсадида ҳарбий қисм ҳамда Андижон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳарбий қисм аскарлари, умумтаълим мактабларининг ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этди.
Ҳарбий қисмга ташриф буюрган устоз ва ўқувчиларга мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Ҳарбий оркестр томонидан куй ва қўшиқлар ижро этилди.
Ўқувчи ёшлар ҳарбий қисмда аскарларнинг яшаш шароитлари, ҳарбий тайёргарлик борасида ўқув машғулотлари жараёнлари билан танишди. Аскарлар ёшларга ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида гапирди.
Ҳарбий қисм аскарларининг ҳарбий техника ва жанговар қуроллардан фойдаланиш борасидаги кўргазмалари, ёшлар билан ўтказган мулоқот ва суҳбатлари ёшларнинг ҳарбий бурчга бўлган қизиқишини, она Ватанга муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
– Ҳарбийлар ҳаёти, уларнинг машғулот жараёнлари билан танишиб, аскарларга бўлган ҳурматим янада ортди, – дейди Андижон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муҳаммаджон Тожиматов. – Айниқса, ҳарбий техника ва жанговар қуроллардан фойдаланиш кўргазмалари мен каби барча тенгдошларимда катта таассуроти қолдирди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари