Ҳарбий қисмда “Очиқ эшиклар куни”
Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисмда “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Ватанпарварлик ойлиги доирасида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишини ошириш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини намойиш этиш мақсадида ҳарбий қисм ва туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳарбий қисм аскарлари, умумтаълим мактабларининг ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этди.
Ҳарбий қисмга ташриф буюрган устоз ва ўқувчиларга мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.
[gallery-15253]
Ўқувчи- ёшлар ҳарбий қисмда аскарларнинг яшаш шароитлари, ҳарбий тайёргарлик борасидаги ўқув машғулотлари жараёнлари билан танишди. Аскарлар ёшларга ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида гапирди.
– Ушбу тадбир ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди, – дейди ҳарбий қисм бўлинма командирининг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, катта лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Қолаверса, тадбир ёшларимизнинг чегара қўшинлари, миллий армиямиз ва унинг куч-қудратига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.
Ҳарбий қисм аскарларининг ҳарбий техника ва жанговар қуроллардан фойдаланиш борасидаги кўргазмалари, ёшлар билан ўтказган мулоқот ва суҳбатлари ёшларнинг ҳарбий бурчга бўлган қизиқишини, она Ватанга муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
– Ҳарбийлар ҳаёти, уларнинг машғулот жараёнлари билан танишиб, акарларга бўлган ҳурматим янада ортди, – дейди тумандаги 68- ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби 10- синф ўқувчиси Камолхон Адинаев. – Айниқса, ҳарбий техника ва жанговар қуроллардан фойдаланиш кўргазмалари мен каби барча тенгдошларимда катта таассуроти қолдирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари