Ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутган сулолалардан саналмиш сомонийлар ҳукмронлиги даври сиёсий бошқарув тизими ўз илғорлиги билан ажралиб туради.

Давлатимизни Наср бошқарган паллада (914 – 943) кишилик тарихида янгилик ҳисобланмиш марказлашган бошқарув тизими жорий этилган. Бу тизим асосини олий даргоҳ ва девонлар (вазирликлар) мажмуи ташкил этган. Улар тўлақонли фаолият кўрсатишлари учун Наср буйруғига кўра пойтахт Бухородаги Регистонда олий ҳукмдор ва ўнта вазир учун алоҳида-алоҳида бинолар қурилган эди.

Девонлар, яъни ҳукумат тизими қуйидагича бўлган:

1. Бош вазир девони бутун ижроия ҳокимият, жумладан, тўққиз девон- вазирлик устидан назоратни амалга оширилган.

2. Молия (кирим-чиқим) ишлари девони давлатнинг молиявий ишлари, сарф-харажатларига оид ҳисоб-китоб ишлари билан шуғулланган.

3. Давлат расмий ҳужжатларини ишлаб чиқиш девони асосан давлат аҳамиятига молик ҳужжатлар, дипломатик тадбирларни тайёрлаш, амалга ошириш каби вазифаларини бажарган.

4. Соқчилар бошлиғи девони махсус сараланган ҳарбий қисмларга бошчилик қилиб, уларнинг тайёргарлиги, тартиб-интизоми, озиқ-овқати, умуман хўжалик таъминоти, маоши масалаларига масъул эди. Масалан, маош бир йилда уч-тўрт ойда бир тўлаб турилган.

5. Хат-хабар мутасаддиси девони даргоҳ, ҳукумат, маҳаллий ҳокимият билан боғлиқ хабардорлик ишлари билан машғул бўлиб, пойтахтда қабул қилинган муҳим қарорлар, ҳужжатлар ва бошқа расмий кўрсатмаларни вилоятлар, шаҳарларга етказиш ҳамда жойлардан шундай маълумотларни олиш ишларига жавоб берган.

6. Сарой бошқарувчиси девонига даргоҳ таъминоти билан боғлиқ сарф-харажатлар устидан назорат олиб бориш юклатилган.

7. Давлат мулклари девони ҳукмдор сулолага тегишли мол-мулк бошқаруви, назорати, ҳисоб-китоби билан шуғулланган.

8. Муҳтасиб девони хизматчилари қиладиган асосий иш шаҳар ва қишлоқларда, кўча ва бозорларда тартибни назорат қилиш, диний маросимларни амалга оширишда чегарадан чиқмасликни таъминлаш, савдо-сотиқ ишларида харидорларга хиёнат қилмаслик, маҳсулотлар сифатида қатъий кўрсатилган даражада тутишни текшириш, нарх-навонинг белгиланган миқдордан оширмасликни назорат қилишдан иборат бўлган.

9. Вақфлар девони турли йўллар билан диний муассасалар ихтиёрига ўтказилган мол-мулк, ер-сув ишлари бошқаруви ва назорати билан шуғулланган.

10. Қозилик ишлари девонига қозиларнинг фаолиятини назорат қилиш, умуман, адлия ишлари юклатилган.

Мазкур девонларнинг жойларда ҳам бўлимлари бор эди. Улар марказдаги ўз девонларидан ташқари маҳаллий ҳокимларга ҳам  бўйсуниб, маҳаллий бошқарув идоралари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатганлар. Бундан хат-хабарлар хизмати девони мустасно ҳисобланиб, уларнинг маҳаллий бўлимлари фақат пойтахтгагина ҳисобот берганлар, холос. Зеро, юқорида айтилганидек, улар маҳаллий ҳокимлар, мансабдорлар устидан ҳам пинҳона назорат олиб борганлар.

Соқчилар бошлиғи девони – ҳарбий вазирлик юқорида урғуланган вазифаларидан ташқари бозорлар, кўчалар ва жамоат биноларидаги тартибни назорат қилган. Унинг раҳбари бош вазирга эмас, балки тўғридан тўғри амирга бўйсунган ва шаҳарнинг барча хавфсизлик кучларини бошқариш ваколатига эга бўлган. 

Бу даврдаги яна бир муҳим ҳарбий лавозим қўшин бошлиғи саналиб, маълум бир ҳудуднинг қуроллик кучларига раҳбарлик вазифасини бажарган. Одатда бу лавозим мажбуриятлари ҳудуд волийсига (ҳоким) бириктирилган. 

Сомонийлар даврида миллий қўшинимиз уч асосий турдан иборат эди:

  1. Давлатнинг асосий ҳарбий кучини ташкил этган ва жанговар ҳаракатларда муҳим рол ўйнаган отлиқлар.
  2. Қаттиқ интизом ва махсус тайёргарликка эга бўлган пиёдалар.
  3. Ҳукмдор назорати остида фаолият юритган, ҳозирги тушунчада миллий гвардияга тўғри келадиган махсус ҳарбий қисм – ғуломлар гуруҳи.

Асосан турклардан саралаб олинган ғуломлар гуруҳи олий ҳукмдорнинг энг ишончли кучи ҳисобланиб, саройдаги юқори лавозимларни эгаллаш ва мустақил ҳудудларни бошқариш имкониятига эга эди. Сомонийлар даврида давлатимиз барқарорлигини мустаҳкам тутишда мазкур тузилманинг ўрни катта бўлган.

Ёлланма аскарлардан иборат мунтазам қўшин тузишга қаратилган илк уриниш Исмоил (892 – 907) даврида бошланган бўлиб, унинг таркиби ҳам асосан туркий ғуломлардан иборат бўлиб, улар махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва ўзига хос жанговар билим ва кўникмаларга эга эдилар. Ҳар бир аскар хизмат давомида қатъий ва тизимли тарзда белгиланган босқичлардан ўтиши керак эди. Чунончи, биринчи йил аскар занданачи матосидан тикилган кийим кийиб, пиёда сифатида хизмат қилган. Иккинчи йили унга от, оддий юган ва камар, учинчи йил эса белига тақиб юрадиган қоражур қиличи берилган. Фақат бешинчи йилдагина унга яхши эгар, юлдуз белгили юган, доройи матосидан тикилган кийим, гурзи лойиқ кўрилган. Олтинчи йили қимматбаҳо кийим тақдим этилиб, агар ўтган йиллар ичида намунали хизмат қилиб келган бўлса, еттинчи йили унга ўн олти қозиқли бош-оёқ чодир, гули кумуш ипдан тикилган намад бош кийим, висоқбоши унвони ва учта ғулом берилади.

Хизмат давомида юксак интизом ва қобилият кўрсатган ғуломлар аста-секин юқори мартабаларга эга бўлиб борганлар. Улар хайлбоши (отлиқлар бошлиғи) ва ҳожиб каби лавозимларга тайинланиб, давлат бошқарувида ҳам фаол иштирок этганлар.

Уруш майдонида қўшиннинг жойлашуви ҳамда қўлланган ҳарбий усуллар бўйича ҳам қизиқарли маълумотлар бор. Масалан, қўшиннинг олдинги саф, орқа саф, икки қанот ва асосий қисмдан иборат тузилиши беш устун дейилган. Олдинги сафда душман билан биринчи бўлиб тўқнашувчи, орқа сафда қўшиннинг орқа томонини ҳимоя қилувчи, иккита қанотда қўшиннинг ён томонларини ҳимоя қилувчи, ўртада бош қўшин қисмлари жойлаштирилган. Ушбу беш жанговар қисмдан ташқари, орқа сафнинг икки томонидаги қўшимча қисмлар ҳам бўлиб, улар ҳам қанот вазифасини бажарган. 

Кўриниб турганидек, сомонийлар даврида қўшиннинг етти қисмли мураккаб жанговар тузилмаси бўлган. Уларнинг ҳар бирига амирлар бошчилик қилганлар ва умумий бошқарувни эса олий ҳукмдор олиб борган.

Кардайс усули отлиқ қўшинларнинг тўғридан тўғри ҳужумига асосланган бўлиб, унда отлиқлар бир ёки бир нечта қаторга саф тортиб, душман томон ёпирилганлар. Шу йўл билан душман сафларини ёриб ўтиш, тартибсизликни келтириб чиқариш ва тезкорлик билан зарба беришга эришилган.

Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, сўз кетаётган даврда уруш майдонида филлардан ҳам фойдалангани ҳақида маълумотлар учрайди. Ушбу ҳолат давлатимизнинг ўша кезлардаги жанубий чегаралари Ҳиндистонга яқинлиги билан изоҳланади, албатта. 

Умуман олганда эса, 10-юзйилликда ҳарбий бошқарув юқори даражада йўлга қўйилган бўлиб, унинг ҳам ҳуқуқий, ҳам иқтисодий асослари яратилган эди. Ушбу тажриба давлатимизни бошқарган кейинги сулолалар, қўшни давлатлар учун ҳам ўзига хос ўрнак бўлиб хизмат қилганини салжуқийлар даври атоқли давлат арбоби, бош вазир лавозимда ишлаган Низомулмулк (1018 – 1092) ўзининг “Сиёсатнома” асарида алоҳида урғулаб ўтгани ҳам бежиз эмас.

Улуғбек Олимов,

ФА Тарих институти кичик илмий ходими

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий мерос: Ўзбек ҳарбий бошқаруви сомонийлар даврида