Ҳарбий лицейда “Уч авлод учрашуви”
Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейда “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.
Президентнинг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда бой ҳаётий билим ва тажрибага эга бўлган кекса нуронийларимизнинг давлатимиз ижтимоий ҳаётида фаоллигини кенгайтириш, ёш авлод вакилларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашда уларни ўрнак ва намуна сифатида кўрсатиш мақсадида кўплаб учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Ана шундай учрашувларнинг навбатдагисида Хоразм вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Расулжон Собитов, умрининг қўп йилини ёшлар тарбиясига бағишлаган устоз-мураббий, Ўзбекистон Қаҳрамони Эгамберган Каримов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси вилоят бўлими раислари ҳамда бир қатор вилоят фахрийлари, Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейи ҳамда Ички ишлар вазирлигига қарашли Хоразм академик лицейининг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Президентимиз ташаббуси билан 2023 йилда Урганч шаҳрида эл-юрт истиқлоли учун курашган, бунга ўз ҳаётини бағишлаган аждодимиз номини улуғлаш, ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий академик-лицей ҳақиқий ватанпарвар эр йигитлар камол топадиган масканга айлангани, бу ерда таълим олиш юртимиз ёшлари учун юксак шараф эканлиги эътироф этилди.
[gallery-21547]
–Замонавий таълим-тарбия, илм-фан ва коммуникация технологияларидан сабоқ бериш, лаборатория ва ихтирочилик ишлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлган лицей ҳақиқатан ҳам олдинги авлод ёшлари учун орзу-ҳавас қиладиган таълим маскани бўлса, бугунги ёшлар учун жаҳон стандартларига мос энг сўнгги шароитларда замонавий таълим олиш имконини яратди, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Эгамберган Каримов. - Таълим масканида ҳар бир фан учун алоҳида мавзулаштирилган синфхоналар, барча спорт турлари билан шуғулланиш имконини берувчи ёпиқ ва очиқ турдаги спорт мажмуаси, ётоқхона, ошхона мажмуалари ҳавас қилса арзигулик, ривожланган мамлакатлардаги таълим даргоҳларидан ҳеч нарсаси билан кам бўлмаган муассасага айланди.
Маънавий-маърифий тадбирда меҳмонлар мард ва жасур аждодимиз, султон Жалолиддин Мангуберди сиймоси, унинг жасорати ва ватанпарварлигини ёдга олиб, билим, меҳнат ва садоқат инсоннинг буюк ишларга, юксак натижаларга эришишда дастуриламал бўлишини таъкидлаб ўтишди.
Мазмунли ва қизиқарли суҳбатларга бой ўтган учрашув ёшларни буюк ишларга руҳлантириб, Ватанимиз келажаги учун жонкуяр ва фидойи инсон бўлишга ундайди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари