Ҳарбий кўмак, газетага раддия...
Россия-Украина
Баҳоргача АҚШ Украинага “Abrams” танкларини етказиб беришга улгурмайди. Бу фикрни Қўшма Штатлар давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд билдирди.
“Оғир, зирҳли танкларни жўнатиш анча вақт талаб этади”, деди у.
Мудофаа вазири Борис Писториус Германия ҳукуматининг “Leopard-2” танкларини Украинага етказиб бериш қарорини тарихий атаб, “бунинг учун хурсанд бўлиш сабабини кўрмаяпман”, деди. Вазир баёнотидан бу иқтибосни “Die Welt” телеканали келтирди.
“Немисларнинг Киевга танклар жўнатиш қарори “тўғри ва зарурий”, дея қўшимча қилди у.
Германия аҳолисининг 63 фоизи Украина Қуролли кучларига қирувчи самолётлар етказиб берилишига қарши эканини билдирди. Бу ҳақдаги ижтимоий сўров натижасини “Der Spiegel” эълон қилди. Киевга жанговар машиналар жўнатилишини 18 фоиз иштирокчи қўллаган.
Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колоннанинг маълум қилишича, ҳукумат Украинага “Leclerc” танкларини юбориш бўйича ҳали қарор қабул қилмаган.
“Париж мудофаа масаласида Киев билан мунтазам алоқада”, деб қўшимча қилди вазир.
Франция Украина АЭСдаги миссияси фаолияти учун МАГАТЭга ёрдам тариқасида уч миллион евро ажратади, деди Колонна. Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакат “Украинага ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам беришни давом эттиради”.
Словакия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мартин Коваль-Какашчиков “Украина Словакиядан 14 та “Zuzana-2” ўзи юрар гаубицалар олишга қизиқиш билдирганини” айтди.
Оқ уй матбуот хизмати хабарига кўра, “G7” гуруҳи, Киев ҳукумати ва халқаро молия институтлари вакиллари Украинага иқтисодий кўмак масалаларини кўриб чиқдилар.
Испания ҳукумати Сарагоса базасида ўн йилдан бери фойдаланилмаётган “Leopard 2A4” танкларини Киевга етказиб беришни мўлжаллаяпти. Бу ҳақда Қироллик мудофаа вазири Маргарита Роблес маълум қилди.
Италия мудофаа вазири Гуидо Крозетто “Corriere della Sera” газетасида босилган учувчисиз бошқариладиган учоқларни Украинага жўнатиш режаси ҳақидаги мақолага раддия билдирди.
“Газета бу маълумотни қаердан олди, нега ҳукуматнинг бундан хабари йўқ?”, дея газетага мурожаат қилди вазир.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украина зиддияти фақат музокара йўли билан ҳал этилишини яна бир бор таъкидлади.
“Бунинг учун, аввало, ўқ отишни тўхтатиш керак, қолаверса, муаммони бартараф қилиш учун бир неча ой, балки йиллар керак бўлар”, деди у.
Аброр ХОН,
ЎзА