Харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда қўмиталар йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ҳамда 2021 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи муҳокама қилинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида Давлат бюджетининг ҳисобот давридаги ижроси партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилинди.
Маълумки, 2020 йилда COVID-19 пандемияси жаҳон иқтисодиётига сезиларли салбий таъсир кўрсатди, дунёда иқтисодий рецессия кузатилди. Шунга қарамай, Ўзбекистонда ижобий иқтисодий ўсиш сақлаб қолингани қайд этилди. Бу эса давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни таъминлаш имконини берди.
Депутатларга тақдим этилган ҳисоботга кўра, 2020 йил давлат бюджети даромадлари 132,9 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 триллион сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4 192 миллиард сўмга ошириб бажарилган. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 74 231,8 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.
Ушбу харажатларнинг 85,1 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Жумладан, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, хусусан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни турар-жой билан таъминлашда бошланғич бадалларни қайтармаслик шарти билан тўлаб бериш харажатларига 21,7 миллиард сўм, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга 5,9 миллиард сўм миқдорида ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, йиғилишда давлат бюджетининг 2021 йил биринчи чоракдаги ижроси ҳам атрофлича таҳлил этилди. Қайд этилганидек, ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинди. Бунда аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш каби мақсадли дастурларни амалга ошириш каби тадбирларни молиялаштириш бюджет параметрларида белгиланган йўналишлар доирасида ўз вақтида амалга оширилди.
ЎзХДП фракцияси аъзолари давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА