Харажатга яраша ҳаракат ҳам муҳим!
Сифат, самара, натижа — Давлатимиз раҳбари қайси соҳа вакиллари билан учрашмасин, ана шу учта тушунчага диққатини қаратади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки тараққиётнинг муҳим омили ва мезони айнан шу биландир.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ана шу масалага диққат қаратилди.
Ички ресурсларга таяниб, индустриал ривожланиш йўлидан бораётган мамлакатимизда йилига 3 мингта саноат корхонаси ишга туширилиб, 150 минг атрофида иш ўрни яратилаётгани, жорий йилда давлат инвестиция дастурлари асосида 21 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши, 37,5 миллиард долларлик хорижий ва ҳудудий инвестиция лойиҳалари назарда тутилгани рост.
Демак илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ва натижадорлик ҳам шунга мос бўлиши керак. Лекин бу борадаги натижалар, юқори малакали муҳандислар ҳали етарли эмаслиги аён. Олий ўқув юртлари билан саноат ўртасидаги узилишлар мавжудлигини инкор этиб бўлмайди.
Бу борадаги муаммолар нимадан иборат эканини Президент рақамлар билан қайд этди.
Юртимизда техника йўналишидаги 36 та давлат олийгоҳида йилига 67 минг битирувчи чиқади. Аммо улардаги дастур ва мутахассисликлар ишлаб чиқарувчилар талабига мос эмас. Оқибатда муҳандисларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналишда ишламаяпти.
Шунингдек, Олий таълим муассасалари фундаментал тадқиқотлар ўтказиш билан чекланиб, амалий ишланмалар жуда камлиги, муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар «қоғоз»да қолиб кетаётгани ҳам сир эмас.
Президент хорижий университетларда «таннарх муҳандислиги» «қиёслаш муҳандислиги», «қайта муҳандислик» каби ихтисосликлар борлиги, бизда эса йўқлиги, маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбурлигини ҳам рўйи рост эътироф этди.
Хўш, кейинги етти йилда олий таълим қамрови 5 баробар ошган бўлса-да, ёшларнинг муҳандислик-техникага қизиқиши жуда паст экан, бунинг боиси нима?
Талаба ва магистрантнинг қизиқиши билан қизиқмаган педагогнинг ҳам қизиғи йўқ. Даставвал, ўқитувчининг ўзида ҳафсала бўлсин. Ана ўшандагина педагог қизиқтира олади, мутахассисликка муҳаббат уйғотади. Табиийки, бу профессор ўқитувчиларнинг билими ва коммуникатив компетентлигига боғлиқ. Жуда кўп таълим муассасаларида, талабалар орасида ижтимоий сўровлар ўтказилди.
Аксариятининг жавоби шундай, "ўқитувчимиз фанини билади, билими бор, лекин шуни етказа олмайди, қизиқарли тарзда аниқ тушунтира олмайди".
Табиийки, гап сифатли таълимга, унинг таъсирчанлигига ва самарадорлигига бориб боғланади. Тил тактикаси – тараққиёт стратегиясининг таъсирчан механизми, сифатли таълим мезони эса педагогик маҳоратда. Талабаларга мотивацион руҳ бериш, уларда соҳага муҳаббат уйғотиш масаласи фақат шунчаки билим билан эмас, балки, педагогик маҳорат билан боғлиқ.
Ҳар қандай ректор педагогик маҳоратнинг муҳим мезони бўлган коммуникатив компетентлик, лингвистик компетенция, риторик тажрибага эга бўлган профессор ўқитувчилар жамоасини шакллантирмас экан, ҳаракат ва натижа ўлда-жўлда, ўзга қўлда қолиб кетаверади.
Бу эса Президент таъкидлаганидек, «Кўп профессор-ўқитувчилар амалиётдан узилиб қолади, ректорлар корхоналарга бориб, янги технологиялар билан танишмайди, ускуна ва дастгоҳларни ўрганмайди.» Бунинг учун фақат қизиқиш ва қизиқтириш орқали мақсадга эришилади. Гётенинг «Фауст»ида «Назария қуруқдир дўстим, аммо яшнар ҳаёт дарахти» деган ҳикмат келтирилади. Битирувчиларнинг аксарияти ўз соҳасида ишламаслиги, касбга муҳаббати йўқлиги ҳам ана шу билан изоҳланади.
Оқибатда сўнгги тўрт йилда олий таълим муассасаларининг илмий тадқиқот учун тузган шартномалари 3 карра кўпайгани, даромад эса 6 карра ошгани, лекин илмий ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш жуда пастлиги ҳам бевосита ва билвосита шунга бориб боғланади. Афсуски, бизда фаолиятнинг икки қаноти — ташаббускоролик ва ташкилотчилик етарли эмас. Ҳали ҳам юқоридан келадиган топшириқ ва кўрсатмани кутиб яшаймиз. Ижро бор, ижод йўқ. Ижро бўлганида ҳам етарли даражада эмас. Тан олиш керак, ижро ва ижод уйғун бўлган жойдагина ўсиш, ривожланиш, ижобий кўрсаткичлар бўлади.
Баъзи ҳаракатларимиз бир латифани ёдга солади. Афанди ўғлига бир ишни буюриб, бир шапалоқ тортиб юбораркан. Буни кўрган қўшниси «Нега юмуш буюриб, уни яна урасан?" дебди.
Афанди эса: "Бу фақат айтганимни қилади, шунда ҳам узил-кесил эмас. Ўзи билиб, айтмаганимни ҳам қилишни ўргансин-да, деган экан.» Ундай қилсам, бундай бўлармикан, бундай қилсам, ундай бўлармикан» деган хавотир ва ҳадик билан яшаш ва ишлашга чек қўйиш керак.
Ташаббус яна Президент томонидан бўлди: Техника йўналишида ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнлари илғор тажриба асосида тўлиқ ўзгариши, 36 та олий ўқув юрти ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолиши, дуал таълим тизимига тўлиқ ўтилиши, меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликлар қисқариши, баъзи кафедралар бирлаштирилиши, деканатларнинг талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлашиши, «Регистратор офиси» ташкил қилиниши, ҳар бир ОТМ ривожланган ҳамкор давлатларимизни нуфузли техника университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйилишини бугунги жараённинг ўзи юзага чиқарди.
Эндиликда, иш Президент ташаббусларини қўллаб-қувватлаш асносида ташкилотчиликни йўлга қўйиш, амалга оширишдир.
Президент ташаббусига мувофиқ «Тармоқ – корхона – олийгоҳ» занжири асосида, ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилиши ҳам шу борадаги дадил қадамдир.
Президентнинг мазкур мулоҳазаси барчамиз учун таянч, суянч ва қувонч бахш этиши керак.
«Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз», дея таъкидлаганди давлатимиз раҳбари.
Харажатга яраша ҳаракатда бўлишимиз масъулият ҳисси, мажбурият бурчига дахлдор бўлибгина қолмай, балки ўз навбатида таълим тизимидаги сифат, самара ҳамда натижадорликни таъминловчи муҳим омилдир.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
профессор.
ЎзА.