Коррупция жирканч иллат сифатида ривожланишга, тараққиётга раҳна соладиган катта хавф. Бу иллатнинг бўй кўрсатиши жамиятда адолатсизлик, ноҳалоллик каби муаммолар юзага келишига сабаб бўлади. Шу боис, коррупциянинг олдини олиш, жамиятда ҳалоллик ва виждонийлик туйғуларини қарор топтириш барча аҳоли қатламларидан катта масъулият талаб этади.
Бу хавфли иллат ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек Юсупов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Коррупцияга қарши кураш – тараққиёт ва адолат сари олиб борувчи умуминсоний вазифа. Коррупция — бу фақат моддий жиноят эмас, балки жамиятнинг иқтисодий тараққиёти, ҳуқуқий барқарорлиги ва фуқаролар ишончини заифлаштирадиган жиддий хавф. Унинг салбий таъсири давлат бошқарувидан тортиб, оддий инсоннинг кундалик ҳаётигача сезилади.
Коррупциянинг глобал оқибатларига эътибор қаратадиган бўлсак, дунё миқёсида коррупция ҳар йили триллионлаб долларлар йўқотилишига сабаб бўлади. Бу маблағларни таълим ва тиббиёт каби ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, замонавий инфратузилма қуриш, камбағалликни камайтиришга сафарбар қилиш мумкин эди.
Коррупцияга чалиниш даражаси юқори мамлакатларда ишбилармонлик муҳити заифлашади, инвестициялар камаяди ва халқаро рейтингларда паст ўринлар қайд этилади. Шу боис, бу иллатга қарши кураш нафақат ҳуқуқий, балки иқтисодий ва маънавий барқарорликни таъминлашнинг муҳим шартига айланган.
Коррупцияга қарши курашиш жамиятнинг умумий масъулиятидир. Бу жирканч иллатни фақат давлат органларининг ўзигина йўқота олмайди — бу кенг жамоатчилик иштирокини талаб қиладиган жараён. Шаффофлик ва очиқликнинг кучайиши, қонунлар устуворлиги таъминланиши, шунингдек, фуқароларнинг фаол позицияси билан ҳам амалга ошади.
Бу борада бир қатор муҳим тамойиллар мавжуд. Аввало, қонун устуворлиги: адолатли ва самарали суд-тергов тизими коррупциянинг олдини олишда ҳал қилувчи омилдир. Жиноят содир этган ҳар бир шахс мансабидан қатъи назар жавобгарликка тортилишини жамият кўриши лозим.
Иккинчидан, давлат органлари ишларининг шаффофлиги: очиқ маълумотлар, электрон хизматлар ва рақамлаштириш жараёнлари инсон омилини камайтиради ва ноқонуний ишларга чек қўяди.
Учинчидан, жамоатчилик назорати: ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари, фаол фуқаролар иштирокисиз коррупцияга қарши кураш тўлиқ амалга ошмайди. Очиқ муҳокама шаффофликнинг асосий таянчидир.
Тўртинчидан, ёшлар онгида ҳалолликни тарбиялаш муҳим. Коррупцияга қарши профилактиканинг энг самарали усули ёш авлодга ҳалоллик, адолат ва масъулият қадриятларини сингдиришдир.
Халқаро коррупцияга қарши кураш куни масъулият кунидир. Ушбу сана дунё жамоатчилигини яна бир бор огоҳ этиб, ҳар бир фуқародан ўз жавобгарлигини англашни талаб қилади. Бу кун тизимдаги камчиликларни тан олиб бартараф этиш, янги ислоҳотлар йўлини белгилаш, давлат ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш учун муҳим имконият.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш бу узлуксиз жараёндир. Ҳар бир давлат, ҳар бир ташкилот ва ҳар бир фуқаро бу курашда ўз ўрнига эга. Ҳалоллик ва адолатни қадрлаш, қонунга ҳурмат, очиқлик ва фаол фуқаролик позицияси орқалигина коррупция иллатини енгиш мумкин. 9 декабрь бизни яна бир бор шу йўлда бирлашишга, ҳалол келажак қуришга чақирувчи муҳим сана ҳисобланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА