Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, ҳуқуқий таълимни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Конституциямизнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, маъно-мазмунини ўрганиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини тўғри шакллантириш ҳамда юксалтириш, шунингдек, Конституцияни билиш, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Асосий Қонунимизда белгиланган тушунча ва тамойилларни мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотларида ўргатиш кенг йўлга қўйилмоқда.
Буни Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 398-мактабгача таълим ташкилоти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу муассасанинг катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларида “Конституция сабоқлари” машғулоти қизиқарли ва таъсирчан воситалар ёрдамида ташкил этилмоқда. Ҳар йили “8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни” байрами олдидан муассасада “Конституция – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” шиори остида ҳуқуқий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган.
...Боғчанинг болалар қийқириғига, шодон кулгуси-ю завқли таассуротларга бой одатдаги куни. Катта ва кичик гуруҳдаги кичконтойларни ота оналалари тарбиячиларга топширгач, барча ўз гуруҳларига йўл олади. Нонуштадан сўнг катта ва мактабга тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Ирина Ходулова болаларга содда, уларнинг ёши ва дунёқарашига мос воситалар – турли суратлар, буклет ва плакатлар ёрдамида Ўзбекистон Конституцияси, мамлакатимиз мустақиллиги, давлат рамзлари, тили, пул бирлиги, шу юртда яшаётган ҳар бир кишининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида тушунарли тилда ҳикоя қилади. Кейин савол беради:
– Қани, ким айтади: мамлакатимизда яқинда қандай байрам нишонланади?
Болалар ҳаммаси жажжи қўлчаларини кўтаради:
– Мен айтаман! Мен биламан!..
– Садиа, сен айтчи.
Садиа Аҳмадхўжаева қувониб кетади ва доно-дона қилиб жавоб беради:
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни.
– Конституциямиз қачон қабул қилинган?
– 1992 йил 8 декабрь куни.
– Балли! Қани, энди ким айтади: Ўзбекистон Республикаси қандай давлат рамзларига эга?
Болалар яна чуғурлашиб қўл кўтаради:
– Муҳаммад Али! – деб ишора қилади тарбиячи.
– Ўзбекистон Республикаси ўз Байроғи, Герби ва Мадҳиясига эга.
– Тўғри! – деб қувонтиради И.Ходулова болакайни...
Фарзандларимизни гўдаклигидан ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишга, давлат ва жамият олдидаги бурч ва масъулиятини теран ҳис этишга ўргатиш тарбиячи ва мураббийларнинг энг муҳим вазифаларидан. Шу боис мазкур муассасада “Конституция сабоқлари” машғулотлари кичкинтойларга ҳуқуқий давлат ҳақидаги илк тушунчаларни, ўз ҳуқуқ ва бурчларини англатишда, уларни Ватанга садоқат, истиқлол ғояларига муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Зеро, бугун ўз ҳақ-ҳуқуқини теран англаган ва бурчига садоқатли, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга авлодгина эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучига айланади.

Дарҳақиқат, асосий қонунимиз юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун нафақат ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати, айни пайтда давлат ва жамият олдидаги бурчларини ҳам белгилаб берган. Айниқса, болаларни кичик ёшданоқ билим олишга, қизиқишига қараб касб-ҳунар эгаллашга, малакали мутахассис бўлиб вояга етишга жалб қилишда Конституция асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
398-мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган болалар ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча шароит яратилган.
Боғчада хорижий тиллар, бадиий гимнастика, рақс, таэквондо тўгараклари ташкил этилган, мусиқа сабоқлари ва жисмоний тарбия машқлари, болаларнинг ёшига мос ўйин ва машғулотлар ўтказилиши уларнинг жисмонан соғлом, руҳан тетик, ақлан зийрак улғайишига, турли кўрик-танловлар, концерт дастурлари эса улардаги истеъдод ва қобилиятни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА