Ҳар икки жамоа учун катта сабоқ бўлди
Урганчдаги футбол оқшоми ғалабани кутган мухлисларга гол тақдим этмади. Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган “Хоразм” – “Сўғдиёна” учрашуви 0:0 ҳисобидаги нурсиз дуранг билан якунланди. Рақамлар оддий кўринади, аммо майдондаги кеча икки жамоанинг бугунги имконияти, изланиши ва камчиликларини яққол намоён этди.
Мавсумнинг учдан икки қисми ортда қолган бир паллада ҳар бир очконинг қиймати тобора ортиб бораётир. Шу маънода, Урганчдаги дуранг ҳар икки жамоа учун ҳам муайян маънога эга. Бир томонда ўз майдонида ғалаба учун интилган “Хоразм”, иккинчи томонда сафарда камида бир очкони бой бермасликка ҳаракат қилган “Сўғдиёна”. Якунда эса дарвозалар дахлсиз қолди.
Учрашувнинг биринчи бўлими мезбонлар фаолроқ ҳаракат қилгани билан ёдда қолди. “Хоразм” тўп назоратида устунлик қилишга, қанотлар орқали ҳужумларни ривожлантиришга уринди. 27-дақиқада мезбонлар узатмаси дарвоза томон йўналганида Милан Митрович хавфни бартараф этди. 35-дақиқада эса Петар Мичиннинг зарбасини Умиджон Эргашев қайтариб, “Хоразм” дарвозасини яққол голдан сақлаб қолди.
Мезбонларда ҳам ҳисобни очиш учун имкониятлар бўлди. 36-дақиқада Рустам Абдуҳамидовнинг узатмасидан кейин Умид Султоновнинг бош билан берган зарбаси дарвоза устуни ёнидан ўтди. 40-дақиқада Улуғбек Ҳошимов ҳам ўткир бурчакдан зарба йўллаб, тўпни нишонга аниқ йўналтира олмади. Танаффусгача ҳисоб ўзгармади.

Иккинчи бўлимда “Сўғдиёна” таркибида бир йўла тўртта ўзгариш амалга оширилиши ўйин суръатига таъсир қилди. Шоҳруз Камолов, Нодиржон Сойибов, Жавоҳир Қаҳрамонов ва Самандаржон Мавлонқуловнинг майдонга тушиши меҳмонларнинг ҳаракатларига янги импульс берди. “Хоразм” ҳам таркибдаги ўзгаришлар орқали ҳужум чизиғини кучайтиришга интилди.
Бироқ футболда ташаббуснинг ўзи етарли эмас, уни натижага айлантириш маҳорат ва совуққонликни талаб қилади. Урганчликларга ҳам, меҳмонларга ҳам ўйинда айнан шу жиҳат етишмади. 78-дақиқада Данил Нугумановнинг огоҳлантирилиши, 79-дақиқада Филип Ивановичнинг жарима зарбасидан фойдалана олмагани, 86-дақиқада Улуғбек Ҳошимовнинг кучсиз зарбаси ва 88-дақиқада Элзио Лоҳаннинг зарбаси дарвоза устуни ёнидан ўтиши голга яқинлашган, аммо уни топа олмаган жамоалар манзарасини яратди.

Учрашувнинг энг драматик лаҳзаси эса қўшиб берилган вақтга тўғри келди. 90+1-дақиқада Суннатуллоҳ Ҳамиджоновнинг бош билан берган зарбаси ноаниқ кетган бўлса, 90+5-дақиқада Темур Исмаиловнинг бош билан йўллаган тўпи тўсинга тегиб қайтди. Шу тариқа ғалаба мезбонлардан ҳам, меҳмонлардан ҳам бир қадам нарида қолди.
“Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев учрашувдан кейин сунъий майдонни жамоаси учун асосий муаммолардан бири сифатида қайд этди. Унинг таъкидлашича, биринчи бўлимда “Хоразм” тўпга эгалик қилишда устун бўлган, иккинчи бўлимда эса ўзгаришлар меҳмонлар ўйинини жонлантирган. Мураббий 0:0 ҳисобини икки жамоа учун ҳам адолатли натижа сифатида баҳолади.
Мезбонлар устози Сергей Токов эса баҳсда етишмаган асосий жиҳатни маҳорат ва совуққонлик билан изоҳлади. У “Хоразм” рақибидан яхшироқ ўйнаганини, аммо чуқур ҳимояланаётган жамоага қарши гол уриш осон эмаслигини таъкидлади. Бу фикр Урганчдаги баҳснинг моҳиятини қисқа ва аниқ ифодалайди: ҳаракат бор, вазият бор, аммо якуний зарбада аниқлик етишмайди.

Қизиғи, жамоалар мавсумнинг аввалги ўзаро учрашувида ҳам бир-бирини яхши биладиган рақиблар эканини кўрсатган эди. 12-турда “Сўғдиёна” “Хоразм”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган. Бу сафар эса урганчликлар ўз майдонида рақибига гол уриш имконини бермади. Демак, 21-турдаги 0:0 нафақат бир очкодан иборат натижа, балки “Хоразм”нинг аввалги мағлубиятдан кейинги тактик жавобини ҳам англатади.
Шу билан бирга, футболда натижа барча таҳлилларнинг сўнгги мезони. “Хоразм” учун бу баҳсдаги энг катта хулоса – яратилган имкониятларни голга айлантириш устида яна жиддий ишлаш зарурлиги, “Сўғдиёна” учун эса сафарда олинган очко ҳимоявий барқарорликнинг ифодаси бўлса-да, ҳужумдаги самарадорлик ҳамон эътибор талаб қилади.
Урганчда гол бўлмади. Аммо 0:0 ҳам баъзан жамоага қайси нуқтани тузатиш кераклигини кўрсатиб берадиган катта дарсдир. Суперлигада эса мавсумнинг ҳал қилувчи қисмига яқинлашган сари бундай дарсларнинг қиймати янада ошиб боради.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири