“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури амалда
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури ижроси доирасида оилаларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад топишига қаратилган муайян меҳнат фаолиятига йўналтириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Имтиёзли кредит эвазига 400 дона парранда олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйдим, - дейди туманнинг Куюкмозор маҳалласида яшовчи Аҳмаджон Сотимов. – Ташаббусимни қўллаган туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова инкубатор совға қилди. Ҳисоблаб кўрдим, ойига 250 минг сўмдан кредит фоизи чиқар экан. Товуқлар беш кундаёқ тухумга кирди. Кунига 30-40 тадан тухум оляпмиз. Ҳаммаси тухумласа, бир ойлик кредит харажатлари бир кунда қопланар экан.
[gallery-6083]
Маҳаллада 722 хонадон, 1070 оилада 3484 нафар аҳоли истиқомат қилади. Барча меҳнат, юмуш билан банд. Томорқадан фойдаланиш коэффиценти юқори. Истиқлол кўчасида паррандачилик кооперацияси ташкил этилган.
Туманда аҳоли хонадонларига ўн минг дона парранда тарқатиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача унинг тўрт минги ўз эгаларига етказилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА