Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ғиждувон тумани Халқ қабулхонаси томонидан мурожаатлар билан ишлашда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этган ҳолда, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансоларликка йўл қўйилмасдан ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилиши таъминланмоқда.
Туман Халқ қабулхонасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудудда яшовчи жисмоний ва юридик шахслардан жами 1 минг 819 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра, нисбатдан қаноатлантириш даражаси 12,4 фоизга ошган.
Мурожаатларнинг 1 минг 408 таси кўриб чиқиш ва қонуний ечимини топиши учун туман ҳудудидаги ташкилотларга, 651 таси вилоят ва республика миқёсидаги ташкилотларга юборилди. 20 та мурожаат бевосита Халқ қабулхонасининг ўзида кўриб чиқилди.
Жами мурожаатнинг 1 минг 477 таси яъни 72,1 фоизи қаноатлантирилган. Уларнинг 653 таси яъни 44,2 фоизи бўйича муаммолар ижобий ҳал этилган. 773 таси яъни 52,3 фоиз мурожаат юзасидан мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали мурожаатлари қаноатлантирилган. 51 таси яъни 3,4 фоиз мурожаат узоқ муддатли назоратга олинган. Мурожаат қилган 569 нафар мурожаатчига қонуний тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 1 та мурожаат рад этилган. 2 та мурожаат кўрмасдан қолдирилган бўлиб 3 та мурожаат тугатилган. Такрорий мурожаатлар сони 9 тани ташкил этди.
Фаолият давомида Халқ қабулхонасининг бевосита аралашуви билан 180 дан ортиқ мурожаат қаноатлантирилди.
Лабирўт МФЙ, Лабирўт қишлоғида яшовчи Неъматулла Шариповнинг оилавий шароити оғирлиги, турмуш ўртоғи 1-гуруҳ ногирони эканлиги, 2015 йилда юрак хуружига чалиниб, ётиб қолганлиги, ташқарига олиб чиқишда қийналаётганлигини билдириб, 1961 йилда туғилган турмуш ўртоғи Мақсад Худойбердиевага ногиронлик аравачаси олиб беришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати юзасидан фуқарога ногиронлик аравачаси олиб берилди. Ногиронлик аравачасини фуқарога топшириш учун хонадонга борилганда яшаш шароити оғирлиги аниқланиб, Халқ қабулхонасининг аралашуви, 1-сектор раҳбарининг ташаббуси билан уй-жойини таъмирлаш ишлари бошланиб яшаш шароити яхшилаб берилди.
– "Шукурулло Хўжа" фермер хўжалигидан 3 қути ипак қурти олиб, 239 кг. пилла топширдим, – дейди туманнинг Соктари МФЙ, Тагиқўрғон қишлоғида яшовчи Ўлмасой Шомуродова. – Фермер хўжалиги раҳбари 712 минг сўм пилла пулидан қолган иш ҳақимни тўламаётганлигини билдириб, халқ қабулхонасига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мутасадди вакиллар мурожаатимни ижобий ҳал қилиб берди. Натижада иш ҳақим ундириб берилди.
Халқ қабулхонасига Тарханон МФЙ, Тархонон қишлоғи яшовчи фуқаро Муродова Гуландом МТТга ишга жойлаштиришда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган. Фуқаронинг мурожаати бўйича Халқ қабулхонасида мактабгача таъмли бўлим раҳбари билан суҳбатлашилган. Натижада тумандаги 77-сонли ДМТТга ишга жойлаштирилиб фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилган.
Халқ қабулхонаси томонидан фуқароларнинг мурожаатида қўйилган ҳар бир талабни қаноатлантирилишига эришиш учун мутасадди ташкилотларга мурожаатда келтирилган талаб ва важлар аниқ белгилаб берилмоқда. Мутасадди ташкилотларнинг жавоб хатида ҳар бир талабнинг бажарилиши ўрганилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг мурожаатида ёзилган жавоб хатида ташкилотлар қарорларига муносабати маълумотнома шаклида ва бевосита қўнғироқ қилиш орқали аниқланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА