Ҳар бир маҳаллада байрам шукуҳи
Энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллик байрамига бағишлаб юртимиз маҳаллаларида, ҳокимликларда ҳам маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлим бошқаруви томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ташкил этилаётган маърифий тадбирлар кўтаринки ва самимий руҳда бўлиб ўтмоқда.
Мазкур тадбирларда кейинги йилларда мамлакатимизда инсон омилига устувор аҳамият қаратиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш борасида илгари мисли кўрилмаган ташаббуслар ҳаётга жорий этилаётгани таъкидланди. Айни пайтда маҳаллаларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, унда меҳнат қилаётган фаоллар, фуқаролар йиғини раисларининг меҳнатини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлари амалга оширилаётгани эътиборга моликдир.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган шундай тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 июлдаги тегишли қарорига асосан энг илғор маҳалла раисларига “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди. Шу билан бирга, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилган Маҳалла фуқаролар йиғини раислари моддий рағбатлантирилди. Уларга сиҳатгоҳларда даволаниш учун бепул йўлланмалар топширилди.
Айтиш жоизки, “Маҳалла” фонди Тошкент шаҳар бўлим бошқаруви ташаббусига кўра жорий йилнинг 22-31 куни мустақиллигимизнинг 31 йиллиги байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Тошкент шаҳридаги барча туманларда истиқомат қилаётган 80 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, байрам дастурхони ташкил қилинди.
Шунингдек, эҳтиёжманд, бемор, ёши улуғ ҳамшаҳарларимизнинг бир гуруҳига ногиронлик аравачалари, дори-дармонлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга тикув машиналари топширилди.
Н.Усмонова, ЎзА