Ҳар бир касб устаси ўз ишини ҳаваскорликдан бошлайди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан «Тошкент ёшларни севади» ойлиги доирасида ташкил этилган «Пойтахтнинг СММчи қизлари» лойиҳаси иш излаб юрган қизлар ва оналик таътилидаги аёллар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Унда минг нафар хотин-қиз малакали мутахассислар томонидан бепул тарзда замонавий касб-таълим эгалламоқда.
«Заковат арена»да бўлиб ўтган очиқ давра суҳбатида курс тингловчилари фаол аёллар, хусусан, рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова ва журналистлардан керакли маслаҳат ва кўникмаларни олишди. Қизғин савол-жавоб ва очиқ мулоқотларда иштирокчилар келгуси фаолиятлари учун янги режалар ва ғояларга эга бўлишди.
– Ижтимоий тармоқлар орқали онлайн савдо қилиб, уйда ўтириб даромад топаётган қизлар фаолиятига қизиқардим, кузатардим, – дейди курс тингловчиси Феруза Раҳматова. – Аммо СММ курслари қиммат эканлиги учун ўқишга имкониятим бўлмас эди. Бугунги курс орқали соҳани малакали менторлардан бепул ўрганмоқдаман. Мақсадим соҳага қизиқувчи хотин-қизларга кўмак бермоқчиман.
Бу каби имкониятлар ишсиз қизларнинг даромад топиши ва ўзига бўлган ишончни оширади. «Тошкент ёшларни севади» ойлиги доирасидаги тадбирлар давом этади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА