Ҳар бир ишда қонун устувор бўлмоғи лозим
Халқ депутатлари Наманган вилояти ва шаҳар Кенгашлари депутати, Наманган давлат университети профессори, юридик фанлари доктори, профессор, “Адолат” социал демократик партияси фаоли Наримон Деҳқонов ташаббуси билан ўқувчиларни пул эвазига хизмат кўрсатувчи ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга жалб қилаётган “кран-автомат” аппаратлари ҳамда компьютер ўйинлари фаолияти ўрганилди.
Халқ ноиби томонидан Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомов номига ушбу ўйин жиҳозлари ўрнатилишининг қонунийлиги, шунингдек, уларнинг амалдаги лицензия талабларига мувофиқлиги юзасидан депутатлик сўрови юборилган эди.
Мазкур мурожаат асосида вилоят ҳудудида кенг қамровли хатлов ишлари амалга оширилди. Ўрганишлар давомида жами 531 та тадбиркорлик субъекти фаолияти таҳлил қилинди. Шундан 211 таси ўйинчоқ ютуқли автоматлар, 320 таси компьютер ўйинлари билан шуғулланувчи шохобчалар экани маълум бўлди. Ҳамда, 131 та ўйин автомати истироҳат боғлари ҳудудида жойлашгани қайд этилди.

Хатлов жараёнида қатор қонунбузилиш ҳолатлари ҳам аниқланди. Жумладан, 190 та ҳолатда тадбиркорлик фаолияти тегишли ҳужжатларсиз амалга оширилаётгани маълум бўлди. Масъул ташкилотлар томонидан кўрилган чоралар ва берилган огоҳлантиришлар натижасида 84 та тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди, 234 та субъект эса ихтиёрий равишда ўз фаолиятини тўхтатди.
Таъкидлаш жоиз, депутатлик назорати доирасида амалга оширилган бу амалий ишлар тадбиркорлик фаолиятини қонуний асосда ташкил этиш, бозор муносабатларида шаффофликни таъминлаш билан бирга, айниқса, ёшларни турли носоғлом иллатлардан асрашда муҳим аҳамият касб этади.
Депутатлик сўрови натижасида амалга оширилган бу каби чора-тадбирлар жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, ёшлар таълим-тарбиясига жиддий ёндашиш ва тартиб-интизомни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.