Ҳар бир фуқаронинг қадр-қиммати тенгдир
«Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлигини эътиборга олиб...» – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ана шу сўзлар билан бошланади.
Ҳали 539 йилда Эрон шоҳи Буюк Кир Вавилонни қўлга олганидан сўнг ҳар ким ўзи истаган динни танлаш ҳуқуқига эгалигини ва ирқий тенгликни эълон қилган. Бироқ Маърифат даврига келиб инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ғоя ривожлана бошлади. XVII аср охири ХIХ аср бошларида Европа ва Шимолий Америкадаги интеллектуал ва маънавий ҳаракат ушбу Маърифат давр гуманизмининг табиий давоми бўлди.
Ушбу ғояни илгари сурганлардан бири файласуф Джон Локк инсоннинг асосий ҳуқуқларини қуйидагича асослаган: озодлик, тенглик, шахс ва мол-мулк дахлсизлиги табиий, абадий ва ажралмасдир. “Озодлик, – деб айтади Дж. Локк, – ҳар ким “ўз шахсиятининг эгаси” деб тан олинган жойда бўлади. Бу ғоялар Буюк Британия Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билли, АҚШ Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билли, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Франция фуқаросининг ҳуқуқий асосига айланди.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, БМТ фаолиятининг дастлабки кунларида янги ташкил этилган халқаро ташкилотга аъзо давлатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссия тузиш тўғрисида қарор қабул қиладилар. Умумжаҳон декларациясини ишлаб чиқиш ушбу комиссия ишининг дастлабки қадамларидан бўлди. Унга бошчилик қилиш Америка президенти Франклин Рузвельтнинг беваси – Элеонора хонимга топширилади.
У барча мазлумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро обрўга эга эди. “Инсоннинг умумий ҳуқуқлари ўзи қаердан бошланади? Уйга яқин бўлган кичик жойчаларда, шу қадар яқин ва шу қадар кичикки, уларни дунёнинг бирон-бир харитасида кўрмайсан, – дерди Элеонора Рузвельт. – Ва бу ҳуқуқлар у ерда мазмун касб этмагунича, улар қаерда бўлмасин, кам аҳамиятга эга бўладилар. Агарда фуқаролар уйга яқин жойда бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисида қайғурмасалар, бизнинг бутун дунё тараққиёти ҳақидаги умидларимиз беҳудадир».
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссиясининг биринчи йиғилиши 1947 йил 27 январдан 10 февралга қадар Англиянинг Лейк-Саксес шаҳрида Элеонора Рузвельт раислигида бўлиб ўтади. Декларациянинг дастлабки матни инсон ҳуқуқларининг барча мумкин бўлган турларини қамраб олган, унинг ҳажми 400 саҳифадан иборат эди. Ҳужжат амалдаги барча конституциялар, инсон ҳуқуқлари бўйича амалдаги меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, у ёки бу таклифларни ўз ичига олган хусусий шахсларнинг мурожаатлари таҳлили асосида ишлаб чиқилади. Декларациянинг якуний матни 1948 йил 18 июнда тасдиқланди. 1948 йил 10 декабрда эса БМТ Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилди.
Декларация дунёнинг турли мамлакатларидаги ҳар хил ҳуқуқий ва маданий тизимлар вакиллари томонидан тузилди, шу боис унда универсал қадриятлар ҳамда барча халқлар ва барча мамлакатлар ютуғининг умумий ўлчови мустаҳкамланган. Декларацияда ҳар бир инсон бир хил қадр-қимматга эга деб эълон қилинади. БМТга аъзо давлатлар томонидан Декларация ва ундаги тартибларга амал қилиниши мажбуриятлари миллионлаб инсонларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилишга ёрдам берди.
Гарчи Декларация мажбурий ҳужжат бўлмасада, у инсон ҳуқуқлари соҳасида ягона халқаро стандартни шакллантирган 60 дан зиёд ҳуқуқларни жорий этишга ҳисса қўшди. Бугунги кунда БМТга аъзо барча давлатлар томонидан Декларацияда мустаҳкамланган инсоннинг асосий ҳуқуқлари умумэътироф этилиши унинг таъсирини кучайтиради ва инсон ҳуқуқларининг ҳаётимиздаги аҳамиятини кўрсатади.
1993 йилда Бош Ассамблея томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасига асос солинади. Унинг асосий фаолияти – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янги стандартларни ишлаб чиқиш, бу соҳадаги битимларни ратификация қилишга кўмаклашишдир. 1994 йилда эквадорлик сиёсатчи Хосе Айяла-Лассо Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Олий комиссар этиб тайинланади. 2018 йилнинг 1 сентябридан буён Чили мамлакатининг давлат ва сиёсат арбоби Мишель Бачелет бу лавозимни эгаллаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги чиқишида юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ишлар тубдан ўзгарганини алоҳида қайд этди.
Мамлакатимиз конституциясининг 13-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Ушбу тамойил сўнгги йилларда ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббускорига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида Президентимиз илгари сурган ва ушбу халқаро ташкилот томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси бунинг яққол далилидир. Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта 3 йиллик муддатга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайланди.
Мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш халқимизга фаровон ва муносиб ҳаёт яратишга қаратилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ҳужжат халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсиялари, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга доир долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор халқаро тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамалари, халқаро ва миллий маслаҳатларни эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
Ушбу тарихий ҳужжатда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгиланган. Миллий стратегия билан бирга яна иккита муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг олтита расмий тилида нашр этилди ва БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида расмий ҳужжат сифатида тарқатилди.
Инсон ҳуқуқлари ва қонуний эркинликларининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида Миллий стратегия доирасида 53 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, 37 та комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш белгиланди. Бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕХҲТнинг тегишли меъёрий ҳужжатлари асосида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида муҳокама этилди ва биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳозирги кунда Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекс, Фуқаролик кодекси, Жиноят-ижроия кодексининг янги таҳрирлари ишлаб чиқилмоқда. “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги янги қонунларни ишлаб чиқиш бошлаб юборилди.
Миллий стратегия доирасида 2020 йилнинг 12-13 август кунлари “Ёшлар 2020: Глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтди. Унда БМТ ва унинг махсус муассасалари – ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ, ЕХҲТнинг Парламент ассамблеяси, Африка иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), ШҲТ, МДҲ, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича ноҳукумат ташкилотлар, ёшлар ташкилотлари, миллий институтлар, ёшлар ишлари бўйича парламентлар ва давлат органлари, таълим ва тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти инстиутлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар иштирок этди.
Халқаро форум якунида “Ёшлар 2020: Глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Самарқанд резолюцияси БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати деб тақдим этилди.
1950 йилда БМТ Декларация шарафига 10 декабрни – Инсон ҳуқуқлари куни байрами, деб таъсис этди. Уни байрам сифатида нишонлашда инсонлар, турли ҳамжамиятлар ва диний гуруҳлар, парламентлар, ҳукуматлар ва, албатта, БМТ иштирок этади.
10 декабрь – дунёни ўзимиз истагандек тиклашда инсон ҳуқуқларининг муҳимлигини, глобал ҳамжиҳатлик, ўзаро боғлиқлигимиз ва умумий инсонийлигимиз зарурлигини яна бир бор тасдиқлаш имкониятидир.
Ҳар йили БМТ Инсон ҳуқуқлари кунининг бош мавзусини белгилайди. Жорий йилда бу мавзу “Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашда янада самарали тикланиш” бўлиб, у COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга ошириладиган тадбирларда инсон ҳуқуқларининг марказий ролини таъминлаш орқали янада самарали тикланиш зарурлигига қаратилган. Инсоният барча учун тенг имкониятлар ярата олган, COVID-19 ва инфекция тарқалишига ёрдам берадиган камчиликларни бартараф эта олган, тенгсизлик, яккалаш ва камситиш муаммоларига қарши курашда инсон ҳуқуқлари стандартларини қўллаган тақдирдагина, ушбу умумий глобал мақсадларга эришиш мумкин.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журналининг бош муҳаррир ўринбосари,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.