Ҳар бир бола учун тенг имконият
Мамлакатимизда ҳар бир бола, у ким бўлишидан қатъи назар, сифатли таълим олиш ҳуқуқига эга. Инклюзив таълим эса ногиронлиги бўлган болаларга жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўсиб-ривожланиш, билим олиш ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятини яратади.
Бугунги кунда бундай ёндашув дунё бўйлаб кенг тарқалиб, ўз самарадорлигини намоён этмоқда. Хусусан, Олмалиқ шаҳридаги Ойдин ҳаёт маҳалласида яшовчи Амирхон Жуманов ҳам алоҳида таълимга муҳтож болалардан бири эди. Унинг онаси Моҳина Жуманова ўғлининг тенгдошлари билан бирга таълим олишини истади. Унинг фикрича, фарзанд алоҳида муҳитда эмас, балки жамият ичида камол топиши, мустақил ҳаётга тайёргарлик кўриши жуда муҳим.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия тавсиясига кўра, Амирхон шаҳардаги 20-сонли аниқ фанлар чуқур ўргатиладиган умумтаълим мактабига қабул қилинди. Мазкур таълим даргоҳида инклюзив таълим йўлга қўйилганидан буён унинг ҳаётида қатор ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
— Дастлаб жуда хавотирландим, — дейди онаси М.Жуманова. — Болам синфдошлари билан тил топиша олармикан, ўқитувчилар уни тушуна олармикан, деб ўйлар эдим. Аммо вақт ўтиши билан унинг янги истеъдодлари намоён бўлаётганини кўриб, қувонаяпман. У ҳар куни мактабга хурсанд бўлиб боради.

Бу эса, шубҳасиз, ўқитувчиларнинг меҳнати, синфдошларининг самимий муносабати ва мактабда яратилган инклюзив муҳит самарасидир.
Ҳозир Амирхон нафақат ўқишда, балки спорт ва санъат соҳаларида ҳам ўз иқтидорини намоён этмоқда. У футбол ўйнашни яхши кўради, расм чизишга қизиқади ва ижодий фаолиятга интилмоқда.
— Бу боланинг футболга бўлган қизиқиши унинг синфдошлари билан яқинлашишига ёрдам бермоқда, — дейди ўқитувчиси Азиза Тошматова. — Жамоавий ўйинлар орқали мулоқот кўникмалари ривожланмоқда. У мактаб тадбирларида ҳам фаол иштирок этяпти. Бу эса унинг ижтимоий ҳаётга мослашувини янада тезлаштирмоқда. Амирхоннинг ижодий қобилияти ҳам тобора ривожланмоқда. У турли расмлар чизиб, ўз фантазиясини намоён этади. Шунингдек, робототехникага қизиқиши ортиб бормоқда. Бу эса унинг фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, синф раҳбари Азиза Тошматова инклюзив таълим жараёнида алоҳида фаоллик кўрсатади. У боланинг таълим жараёнига мослашиши, синфдошлари билан эркин мулоқот қилиши ва ўзига бўлган ишончини ошириш учун барча шароитни яратиб бермоқда. Ўқитувчининг меҳнатсеварлиги ва бағрикенглиги туфайли Амирхон ўз имкониятларини тобора кенг очиб бормоқда.
Умуман олганда, инклюзив таълим тизими ногиронлиги бўлган болаларга мустақил ҳаёт кечиришга ёрдам беряпти. Бу эса шундай болаларга ҳаётда ўз ўрнини топиш ва фаол фуқаро бўлиш имконини беради. Бу нафақат алоҳида шахслар, балки бутун жамият учун ҳам катта ютуқдир.
А. Мусаев, ЎзА