Ҳар бир бола мўъжиза ярата олади
“...13 ёшимдан буён ногиронлар аравачасида ўтираман. Қўлимдан футбол ўйнашдан бошқа ҳамма иш келади. Ҳатто машина ҳайдашни ҳам уддалайман. Институтда талабаларга дарс бераман. Ишдан сўнг картиналар устида ишлайман. Мени тушунадиган аёлим ва бир нафар ўғлим бор. Мен бахтлиман, чунки ҳеч қачон ўзимни ногирон ҳис қилмаганман. Бундай бахтга эришишимда ота-онамнинг ҳиссаси катта. Чунки ёшлигимдан улар мени ногирон деб ҳис қилишмаган, соғлом болалардек муносабатда бўлишган. Мана бугун мен сомон санъати устаси бўлиб етишдим. Мен яратган картиналар дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги санъат ихлосмандларининг уйи деворида осиғлиқ турибди. Ҳар бир бола мўъжиза ярата олади. Фақат унга атрофидаги яқинлари қандай муносабатда бўлишига боғлиқ...”
Ушбу сўзлар муаллифи сомон санъати устаси Жасур Жумаев. Жасур билан пойтахтимиздаги "Lotte City Hotel Tashkent Palace" меҳмонхонасида имконияти чекланган болалар иштирокида ўтказилган “Мўъжизалар даври” хайрия кўргазмасида танишдик. Ушбу кўргазмага болалар уйи, махсус мактаб ва интернатларда ўқувчи Жасур Жумаев каби имконияти чекланган, аммо иқтидорли болалар устозлари ва ота-оналари ҳамроҳлигида ташриф буюришди. Кўргазма "Мўъжизалар даври" ташаббускор гуруҳи ва Ўзбекистон Волонтёрлар ассоциацияси томонидан уюштирилиб, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги кўмагида ўтказилди.

– Бу болалар ҳам соғлом болалар каби бахтли ҳаёт кечиришга лойиқ,–дейди кўнгилли йигитлардан бири Шерзод Исроилов. –-Шахсан мен ҳаммага бирдек қарайман, бир хил муомалада бўламан. Бу болалар ҳаётдан тўлақонли завқланишга имкон бермайдиган турли хил чекловлар билан дунёга келган. Аммо бу уларга атрофда содир бўлаётган ҳатто биз сезмайдиган ижобий лаҳзаларни излаш ва топишга халал бермайди. Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар дунёни шу болалар нигоҳи билан идрок этишларини истаган бўлардим.
Кўргазма давомида болалар учун профессионал санъаткорларнинг чиқишлари, шунингдек, болаларнинг ўзлари иштирокида қизиқарли шоу-дастурлар тақдим этилди.
– Тадбир болажонларга жуда манзур бўлди,–дейди Оҳангарон шаҳридаги 7 -ёрдамчи мактабнинг меҳнат фани ўқитувчиси Дилфуза Бакирова. –Кўргазмага ўқувчиларимиз қўл меҳнати орқали ясаган расмлар, юмшоқ ўйинчоқлар, зардўзи буюмлар, мунчоқли буюмлар, апликациялар олиб келишди. Мактабимизда 200 нафар имконияти чекланган бола бор. Шулардан 61 таси уйда таълим олади. Улар меҳнат фанида турли буюмлар ясаши орқали қўл моторикаси ривожлантирилади. Рангларни ажратишни ўрганишади, асабларини тинчлантиради. Айниқса, ўз кучига ишониб, бирор нарса ясаганидан сўнг қувониб, дунёларга сиғмай кетади.
Хайрия кўргазмасидан йиғилган барча маблағлар иштирокчи ташкилотларга болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган фаолиятни олиб бориш учун берилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА