Ҳамюртларимиз “Келажак ўйинлари”нинг саралаш мусобақасида муваффақиятга эришди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида жорий йил ташкил этиладиган “Келажак ўйинлари” мусобақаси дастуридан ўрин олган Just dance (рақс) ва фижитал футбол бўйича ўтказилган саралаш мусобақаларида ҳамюртларимиз муваффақиятга эришди.
Ақл ва жисмоний ҳаракатни уйғунлаштирган мусобақанинг Just dance (рақс) дастурида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Сўғдиёна Абдухолиқова муваффақиятли иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгаллади ҳамда финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Шунингдек, Ўзбекистон фижитал футбол жамоаси “Арарат” (Арманистон) терма жамоаси устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, “Келажак ўйинлари” мусобақасининг кейинги саралаш босқичига йўлланма олди.
Эслатиб ўтамиз, 50 дан зиёд давлатнинг 800 нафардан ортиқ фижитал спортчилари қатнашиши кутилаётган “Келажак ўйинлари-2026” финал мусобақалари жорий йилнинг 29 июль – 9 август кунлари Қозоғистонда бўлиб ўтади. Ўйинлар 8 та спорт йўналишида ўтказилиб, унинг умумий мукофот жамғармаси 4,75 миллион АҚШ долларидан иборат этиб белгиланган.
Т.Рўзиев,
ЎзА